Болалар учун “Илдиз” китоблар тўплами чоп этилди

Республика болалар кутубхонасида Ёшлар ишлар агентлиги томонидан “Илдиз” рукни остида чоп этилган китоблар тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Маълумки, шу кунга қадар агентлик томонидан қомусий олимлар, буюк саркардалар, маърифатпарвар алломаларнинг илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб этиш орқали ёш авлодни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ихчам “Жадидлар”, “Уйғониш” каби китоблар тўпламлари нашр этилган эди.
Навбатдаги нашр 4-7 ёш болажонлар учун мўлжалланган “Илдиз” тўплами бўлди.
Болажонлар учун қомусий олимлар, буюк саркардалар, маърифатпарвар алломаларнинг илмий ва маънавий мероси хусусида тасаввур уйғотиш мақсадида чоп этилган “Илдиз” китоблар тўплами ўзбек халқининг чуқур илдизлари, қадриятлари ҳақидаги лойиҳа ҳисобланади.
Улуғ аждодларимизнинг болалик сиймоси гавдалантирилган мазкур тўпламда 10 нафар олим ва буюк давлат арбобларининг ҳаёти, илмий-ижодий фаолияти, асарларининг мазмун-моҳияти, ғоя ва қарашлари ўз ифодасини топган.
Китоб ёшларни қизиқтириши ҳамда ўқишга қулай бўлиши учун чўнтак китоб шаклида чоп этилди.
Китобларнинг ҳар бири 20 минг нусхада чоп этилиб, ҳар бир таълим муассасаси, вазирлик, идоралар кутубхоналарига етказилади.
Гулноза Бобоева, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА