Фарруха Муҳиддинова – адолат ва маърифат фидойиси

165

Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини қарор топтириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш йўлида муносиб ҳисса қўшган фидойи аёл ва етук олима – Фарруха Муҳиддинова 70 ёшни қаршилади.

Инсон ҳаётининг маънавий чўққиси фақат лавозим, унвон ёки мукофотлар билан ўлчанмайди. Асосий қадрият – у қолдирган из, унинг ғоялари, меҳнати ва одамлар қалбида қолдирган нуридир.

Шу маънода юртимизнинг маънавий-маърифий ҳаётида, ҳуқуқий давлат қуриш, адолатни тиклаш, демократик ислоҳотларни амалга оширишда ўзининг билимдонлиги, тинимсиз изланувчанлиги, жўшқин фаолияти билан алоҳида ўрин тутадиган шахслар бор. Ана шундай шахслардан бири – Фарруха Муҳиддиновадир.

Ф.Муҳиддинова 1955 йилда Тошкент вилоятида дунёга келган. Унинг ёшлиги, илк талабалик йиллари ва кейинги меҳнат фаолияти мамлакатимиздаги сиёсий, ҳуқуқий ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ бўлди. У 1977 йили Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган.

Шу йилдан у меҳнат фаолиятини Олий судда катта консультантликдан бошлаб, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси, судлов ҳайъати раиси, кейинчалик Олий суд раиси лавозимигача кўтарилди.

Бу йиллар давомида қонунларни тартибга солиш ва тарғиб қилиш, суд амалиётини умумлаштириш ва статистикасини таҳлил қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Судья сифатида у фуқаролик ишларини ҳал қилишда инсон ҳуқуқлари, оила қадриятлари ва мулкий муносабатларга оид низоларни ҳал қилишда қонунийлик ва адолат мезонларини устувор, деб билди. Суд адолатига халқ ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ўз раҳбарлигидаги судлов ҳайъатини юксак ҳуқуқий маданият ва холислик руҳида бошқарди.

2003-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси сифатида фаолият юритиб, фуқаролик ишлари бўйича судлов амалиётини ислоҳ қилиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, судьялар малакасини ошириш, суд адолатини юксалтириш соҳаларида кўплаб ташаббусларни илгари сурди.

Фарруха Муҳиддинованинг давлат бошқаруви ва парламент тизимидаги тажрибаси ҳам диққатга сазовор. У 1996–2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати – Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасидаги фаолияти орқали мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда фаол иштирок этди.

2000-2003 йилларда эса Олий Мажлис раиси ўринбосари сифатида халқ вакиллиги институтларини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштиришда фаол қатнашди.

1999-2007 йилларда у Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссияси раиси сифатида фаолият юритиб, судьялик лавозимларига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг демократик асосларини такомиллаштириш, судьяларни лавозимга тайинлаш (озод қилиш) масалаларини ҳал этиш чоғида қонунчилик ва ижтимоий адолат кафолатларини, шунингдек суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга қаратилган вазифаларни бажаришга алоҳида эътибор берган.

2005-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари сифатида, Сенат иш фаолиятини йўлга қўйиш ва самарадорлигини ошириш, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни парламент назорати орқали ҳал этиш йўналишида кўплаб ишларга бош бўлди.

Фаруха Муҳиддинова – Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасида назарий ва амалий таҳлилни самарали уйғунлаштирган етук олимлардан бири бўлиб, фуқаролик ҳуқуқи, суд ҳокимияти назарияси, суд мустақиллиги ва суд амалиёти масалаларида юксак даражада илмий изланишлар олиб бормоқда.

У 1997 йилда «Фуқароларнинг уй-жой мулк ҳуқуқи ва унинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан суд муҳофазаси» мавзусида номзодлик ва 2012 йилда «Ўзбекистон Республикасида суд тизимининг шаклланиши ва ривожланиши» мавзусида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Унинг илмий мероси 40 дан ортиқ мақола, монография, амалий қўлланма ва қонун луғатини ўз ичига олади.

Ф.Муҳиддинованинг илмий фаолиятида 1990-йилларда мамлакатдаги хусусийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ уй-жой ҳуқуқи, мулк ҳуқуқининг шаклланиши ва нотариал тартибдаги битимлар таҳлили алоҳида ўрин тутади. Бу тадқиқотлар ўз вақтида фуқаролик ҳуқуқи ва амалиётида муҳим назарий асос бўлиб хизмат қилган.

2000-йиллардан бошлаб у суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, судьялар мустақиллиги ва суд кадрларини танлаш жараёнларини ёритувчи мақолалар билан юртимиздаги ҳуқуқий ислоҳотлар жараёнига фаол ҳисса қўшди. “Суд мустақиллиги — адолат кафолати”, “Конституция ва судьялар мустақиллигининг кафолати”, “Ўзбекистонда суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш тамойилларининг демократлашуви” каби илмий мақолалари қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги масалаларида чуқур таҳлил асосида ёзилган.

Олиманинг илмий изланишлари тарихий ҳуқуқшуносликка ҳам тааллуқли бўлиб, Туркистонда колониал судлар, Октябрь тўнтаришидан сўнгги репрессив судлар ҳақидаги мақолалари ҳуқуқий хотира ва миллий ҳуқуқ мактаби тараққиётини таҳлил қилади.

Сўнгги йилларда эса суд ҳокимиятининг вазифалари ва функцияларига бағишланган тадқиқотлари билан илмий муҳитда фаол иштирок этмоқда. “Суд ҳокимияти функциялари”, “Суд ислоҳотларида янги босқич” сингари мақолалари ҳуқуқ назарияси ва давлатчилик фалсафасини бойитди. Шу билан бирга, унинг судьяликка номзодлар ва судьялар учун “Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш”,  “Фуқаролик ишлари бўйича давлат божини белгилаш ва ундириш”, “Фуқаролик ишлари бўйича суд амалиёти” каби амалий қўлланмаларни чоп этилди.

Ф.Муҳиддинованинг фаолияти – назарий билимни амалий ҳаёт билан боғлай олган, суд адолати ва ҳуқуқий тараққиётга бағишланган илмий ҳаёт намунасидир. Унинг ишлари бугун ҳам юристлар, судьялар ва ҳуқуқшунос олимлар учун ишончли назарий асос ва амалий дастур вазифасини ўтамоқда.

Ўзининг юксак ҳуқуқий билим ва тажрибасини ёшларга етказишга бел боғлаган олима аёл бугунги кунда “Судьяни судья ўқитади” тамойилига мос равишда Судьялар олий мактабида профессор сифатида самарали фаолият юритмоқда.

У ўнлаб ёш тадқиқотчиларнинг илмий раҳбари, судьяликка номзодларни тайёрлашда устоз сифатида фаол изланишда, замонавий билимлар тарқатишда, назария билан амалиётни мустаҳкам боғлаш орқали ўзининг педагогик фаолиятини давом этирмоқда. Унинг дарслари, суҳбатлари ва илмий раҳбар сифатидаги ёндашуви – тингловчилар қалбида ҳуқуқшуносликка муҳаббат уйғотиш, судьялик масъулиятини чуқур англаш ва адолатпарварликни ҳаёт услубига айлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фарруха Муҳиддинованинг меҳнатлари муносиб эътироф этилган. У “Мустақиллик” нишони (1992), Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи  (1994), “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони (1997), “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 10 йил” эсдалик нишони (2001), “Меҳнат шуҳрати” ордени (2003), “Мўътабар аёл” кўкрак нишони (2022), «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони (2022),  “Бенуқсон хизматлари учун” эсдалик нишони (2024) билан тақдирланган.

Бу аёлда ақл, қалб ва масъулият бирлашган. У нафақат билимли, балки одамлар дардини ҳис этувчи, танқидий фикрлаш қобилияти юқори, қатъиятли, замонавий дунёда бўлаётган ўзгаришларга нисбатан ҳушёр, воқеликни инкор қилмай, уни англайдиган, жамият ҳаётида фаол ва онгли қатнашувчи, ҳаётда мувозанатни сақлашни уддалайдиган шахс.

Унинг фазилатларидан бири – одамлар билан меҳрибон ва мулойим муомалада бўлиш, ёшларга ибрат, катталарга ҳурмат кўрсатиш, ҳаққонийлик ва поклик тамойилларига қатъий риоя қилишидир. У нафақат билимли ҳуқуқшунос, балки самимий инсон, мураббий ва ватанпарвар фуқаро сифатида ҳурмат қозонган.

Фарруха Муҳиддинованинг ҳаёти – бу илму маърифат, Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик билан йўғрилган ҳаёт. Унинг ҳаёт йўлидан ибрат олган ҳолда юртга садоқат, илмга муҳаббат ва адолатпарварлик руҳида фаолият олиб бориш ҳар бир юрт фарзанди учун намуна бўла олади.

70 йиллик юбилей – бу нафақат ўтган ҳаётнинг сарҳисоби ва муносиб баҳоси, балки янги илмий ва маънавий марраларга интилишга даъватдир.

Фозилжон Отахонов,

юридик фанлар доктори, профессор.

ЎзА