“Ватан учун яшайлик” танлови ғолиблари аниқланди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” бош ғояси асосида “Ватан учун яшайлик” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо мамлакатимизда ижод аҳлини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш масаласи устувор ўрин эгаллаётганини таъкидлади.
Ҳайъат аъзолари танловга келиб тушган жами 71 нафар муаллифнинг 192 та асарини кўриб чиқди. Ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр этилган китоблар, матбуотда эълон қилинган материллар жанр таснифи бўйича сараланди.
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ушбу танлов жараёнида янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлидаги зафарлар, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти, буюк аждодларимизнинг меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, халқимиз озодлиги учун курашиб, шу йўлда жон фидо этган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ота-боболаримизнинг ибратли ҳаёти акс эттирилган асарларга алоҳида эътибор қаратилди.
Танлов якунига кўра, биринчи ўринга Қозоқбой Йўлдошев мустақиллик даври ўзбек адабиёти бадиий ва эстетик таҳлилига бағишланган “Кўркам сўз ёғдуси” адабий мақолалар тўплами учун муносиб топилди.
Иккинчи ўринга Бахтиёр Генжамуратов “Баҳор тошқини” (“Абыржы”) шеърий тўплами учун ҳамда Шодиқул Ҳамро “Муаззам” ва “Кўк кўл” номли насрий китоблари учун лойиқ топилди.
Учинчи ўрин Фармон Тошевга “Маҳмудхўжа Беҳбудий” драмаси учун, Мунаввара Усмоновага “Бир куни” номли насрий ҳамда “Киприкдаги тун” шеърий тўпламлари учун, Зикрилла Неъматга мустақиллик йилларида мардларча ҳалок бўлган 206 нафар миллат фидойиларига бағишланган “Ёвқур ўғлонлар ёди” шеърий тўплами учун, Дилором Исмоиловага “Ватанни жонимдек асрагин” ҳамда “Яхшиям, сен борсан” шеърий тўпламлари учун берилди.
Шунингдек, Тўлқин Эшбек “Жадидлар жавҳари” ва “Аёл ва ой” тўпламлари учун, Мирзабек Даврон “Кўнглимда бир қулф йўқ” шеърлар китоби учун, Муҳаммад Сиддиқ “Мусофир дарахт” шеърий тўплами учун, Шуҳрат Азиз матбуотда эълон қилинган шеърий ва публицистик асарлари учун, Рахшона Аҳмедова “Тонготар” романи учун, Муҳаммадали Ғаффоров ҳарбийлар ўртасида ватанпарварлик ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтиришга бағишланган туркум мақолалари учун рағбатлантирувчи мукофотга муносиб топилди.
–Ижодкор доим эътиборга муҳтож, – деди таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев. – Асарларимиз қайсидир ўринларга муносиб кўрилгани бу катта эътибор демакдир. Уларни ўқийдиган одамлар кўпайса, янада хурсанд бўламиз. Ижодкорга бўлган эътибор яхши асарларнинг юзага келишига туртки бўлади. “Кўркам сўз ёғдуси” номли китобда адабиётга оид долзарб масалалар, ижодкорларнинг адабий портрети акс эттирилган.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган бир гуруҳ ижодкорларга аъзолик гувоҳномалари ва китоблар топширилди.
Ғолибларга Ёзувчилар уюшмасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Н.Усмонова,
ЎзА