Хитой нодир металлар устидан назоратни кучайтиради
Хитой ҳукумати нодир ер ости металлари устидан назоратни кучайтиришга қаратилган муваққат қоида эълон қилди, дея хабар тарқатган «Синьхуа» агентлиги.
Янги тартибга кўра, давлат ҳар йили ноёб ер унсурларини қазиб олиш ва қайта ишлаш учун квота белгилайди. Муайян меъёр миллий тараққиёт устуворлиги, захиранинг ҳажми ва нави, экология ва бозор талаби, соҳа истиқболи каби омилларни инобатга олган ҳолда, корхоналар ўртасида тақсимланади.
Компаниялар шу асосда, қонун ва маъмурий қоидага қатъий риоя қилган ҳолда ишлаши шарт. Тупроқ таркибидаги ноёб моддалар ишлаб чиқарувчилар маҳсулот хусусиятини қайд этиши, давлат кузатуви тизимига тегишли маълумот киритиши лозим.
Маҳаллий ҳокимият идораларига корхоналар фаолиятини назорат қилиш, текширишни кучайтириш, шунингдек амалдаги қонунчилик доирасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш тавсия этилади.
Мазкур ҳужжат Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги томонидан Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат комиссияси ҳамда Табиий ресурслар вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланган.
Ноёб тупроқ металлари рўйхатига ясси экранли телевизордан тортиб, лазер ва гибрид автомобилгача – юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришда кенг қўлланадиган 17 хил элемент киритилган.
С.Раҳимов, ЎзА