Инфратузилмани ривожлантиришда амалий қадамлар

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда бу борада янги ёндашувлар жорий этилиб, уларнинг ижобий натижалари қатор ҳудудларда намоён бўлмоқда. Ана шундай амалий тажрибалардан бири — “Зарбдор” тажрибаси бўлиб ҳисобланади.
Мазкур тажриба асосида ҳозирда Беруний туманида ҳам аниқ ва мақсадли ишлар йўлга қўйилган. Жами 5,7 млрд сўмлик 2 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, улар орқали туман инфратузилмасини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилмоқда, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Шу доирадаги йирик ташаббуслардан бири — “Амир Темур” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Фароғон” ва “Қурувчилар” кўчаларининг бир қисмини 24 соат фаолият юритадиган, яъни 24/7 иш режимидаги кўнгилочар кўчага айлантиришдир. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 4,3 млрд сўмни ташкил этади.
Шунингдек, “Шаббоз деҳқон бозори”ни Шаббоз овул фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган янги деҳқон бозорига кўчириш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. 1,4 млрд сўмлик бу лойиҳа доирасида бозор ичи инфратузилмасини яхшилаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Бундай лойиҳалар нафақат ҳудуд кўриниши ва инфратузилмасини яхшилайди, балки аҳолининг турмуш даражасига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги