«Нукус-Чимбой-Тахтакўпир» йўлини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди

127

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида республикамизда қурилиш, ободонлаштириш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Айниқса, автомобиль йўлларини янгидан қуриш ва қайта таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилиб, байрам арафасида халқимизга қулай шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 августда қабул қилинган «Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Нукус шаҳридан Тахтакўпир туманига олиб борувчи Д234 «Нукус-Чимбой-Тахтакўпир» автомобиль йўлининг 59 километрлик қисмини таъмирлаш учун 15 миллиард сўм маблағ ажратилган эди.

Мазкур қарор ижроси доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди. Хусусан, йўлнинг 17-18 километрига асфальт ётқизиш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.

Таъмирлаш ишлари Нукус тумани Автомобиль йўлларидан фойдаланиш давлат ташкилоти томонидан  ташкил этилиб, унга 6 замонавий махсус техника ва 13 ишчи жалб этилган.

Бу бунёдкорлик ишлари нафақат транспорт инфратузилмасини яхшилайди, балки аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштиради, ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаб, иқтисодий самарадорликни оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги