«Intertkan-Osen 2025”: Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларига қизиқиш ортмоқда

Жорий йилнинг 26 август куни Россия Федерациясининг Москва шаҳрида халқаро тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмаси – “Intertkan-Osen 2025” ўз ишини бошлади.
Бу нуфузли тадбирда дунёнинг етакчи компаниялари қаторида Ўзбекистон ҳам миллий стенди билан иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Савдони ривожлантириш компанияси кўмагида 25 та маҳаллий корхона вакиллари икки марказий павильонда “Made in Uzbekistan” миллий стендларида ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Бу йилги кўргазмада жами 7 та давлатдан 800 дан зиёд корхона қатнашяпти. Ташриф буюрувчилар сони эса 40 минг кишидан ортиқ бўлиши кутиляпти.
Бу ҳақда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Халқаро брендларни жалб қилиш бўлими бошлиғи Абдулазиз Абдураҳимов ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди.

– Халқаро кўргазмаларда иштирок этиш маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун катта имконият яратади. Москвадаги “Intertkan-Osen 2025” кўргазмаси орқали жаҳон бозорида талаб юқори бўлган тўқимачилик маҳсулотларини намойиш қилмоқдамиз. Бу нафақат маҳсулотларимизнинг сифати ва ранг-баранглигини кўрсатиш, балки халқаро брендлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу платформа орқали минтақавий бозорлардаги янги тенденциялар билан ҳам танишиш мумкин, – деди у.
Унинг сўзларига кўра, бундай нуфузли тадбирларда қатнашиш маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва “Made in Uzbekistan” брендининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Кўргазма ўз ишини давом эттирмоқда ва унинг доирасида ишбилармонлик мулоқотлари ўтказиш, янги шартномалар тузиш ва стратегик шериклик алоқаларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА