Мустақилликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш – барчанинг муҳим мақсади бўлиши зарур

Сенатда Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами муносабати билан сенаторлар ва ёш олимлар учрашуви ташкил этилди.
Тадбирда Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова ҳамда сенатор Малика Қодирхонова, Ёшлар парламенти аъзолари ва Ёш олимлар кенгаши вакиллари қатнашди.

Учрашувда Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди. Бу борада ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш, мустақилликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш барчанинг муҳим мақсади бўлиши зарурлиги қайд этилди.

Сенаторлар томонидан парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Учрашув иштирокчилари Сенат биноси ва унинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Н.Абдураимова,
ЎзА