Пахта йиғим-теримига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда

Тахиатош тумани Найманкўл ОФЙ ҳудудидаги фермер хўжаликларининг ғўза майдонларида дефолиация тадбирларини тизимли амалга ошириш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошлиғи Р.Шербаев, туман ҳокими К.Айтбаев, тегишли соҳа мутасаддилари ва деҳқон-фермерлар иштирок этди.
Семинарда дефолиация тадбирларининг агротехник аҳамияти, уни сифатли ва ўз вақтида бажаришнинг ҳосилдорликка таъсири, шунингдек, замонавий усуллар ва кимёвий воситалардан фойдаланиш бўйича батафсил тушунчалар берилди.
Мутахассислар томонидан дала бошида амалий кўрсатмалар берилиб, фермер хўжаликларига самарали дефолиантларнинг турлари, уларни қўллаш миқдорлари ва хавфсизлик қоидалари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, семинарда ҳосилни ўз вақтида йиғиб-териб олиш, пахта сифатини сақлаш ва келгуси йил ҳосили учун экин экиладиган майдонларни тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва илғор тажрибалар юзасидан фикр алмашди.

Шундай кўргазмали семинар Қўнғирот туманидаги Адабиёт ОФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжаликлари дала майдонларида ҳам бўлиб ўтди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги