ШҲТ саммити олдидан ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон 27 экспонат билан қатнашмоқда

123

Пекин шаҳридаги Хитой Миллий музейида “Ёруғ цивилизациялар юлдузлари: ШҲТ мамлакатлари миллий музейлари маданий мероси” номли кўргазма иш бошлади.

Жорий йил 31 август-1 сентябрь кунлари Тяньцзинь шаҳрида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити муносабати билан ташкил этилган мазкур анжуманда Ўзбекистон, Хитой, Беларусь, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон давлатларидан миллий ва тарихий музейлар вакиллари иштирок этяпти.

“Шанхай руҳи” тамойили – “цивилизациялар хилма-хиллигига ҳурмат ва биргаликда ривожланишга интилиш” шиори остида ўтаётган экспозиция учун бу гал аъзо давлатларнинг 10 музейи ва маданий муассасасидан 220 та ноёб экспонат танлаб олинган. Хусусан, ҳар бир мамлакатнинг цивилизацияси тарихи, ривожланиши ва эволюциясини акс эттирувчи, шунингдек ўлкалар ўртасидаги тарихий алоқаларни намоён этувчи муҳим артефактлар бор. Бу ноёб ашёлар цивилизациялар галактикаси юлдузлари сингари ШҲТ мамлакатларининг бой маданий асосини ёрқин намоён қилади.

Эътиборли жиҳати, кўргазмада Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва давлат санъат музейи фондларидан 27 экспонат тақдим этилган. Ҳар бир асарда юртимиз маданий мероси ва бойлиги – энг қадимги цивилизациялардан тортиб, XIX-XX аср санъатигача бўлган намуналар мужассам.

Хитой Миллий музейи дунёнинг энг йирик музейларидан бири ҳисобланади. Пекин марказидаги Тяньаньмэнь майдони шарқида жойлашган ушбу меъморий обида 2003 йил инқилоб ва тарих музейлари бирлашиши натижасида ташкил топган. Музей коллекцияси беш минг йилдан ортиқ тарихни қамраб олган – неолит даври топилмаларидан ўтган аср санъат асарларигача. Мажмуада бронза буюмлар, чинни, хаттотлик, рассомлик ашёлари, будда ҳайкаллари, ҳужжатлар ва Хитойнинг янги тарихи билан боғлиқ буюмлар намойиш этилади.

Беҳруз Худойбердиев,

Ўткир Алимов, ЎзА

Пекин, Хитой