Бизнес муҳити таҳлили

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига асосан, бизнес муҳитида сезиларли яхшиланиш кузатилган. Бу эса тадбиркорлик фаолиятида ишончининг ортиши ва иқтисодий фаолликнинг кенгайишидан далолат беради.
Бизнес муҳити индексининг ўртача кўрсаткичи 58 бандни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 бандга юқори. Январь ойида бизнес муҳити кўрсаткичи 52 банддан, июнь ойида 63 бандгача юқорилаган.
Жорий ҳолат суб-индекси 44 бандни ташкил этди. Тадбиркорларнинг истиқболдаги кутилмалар индекси йил бошига нисбатан 25 бандга ошиб, 73 бандга етди.
Энг юқори ўсиш саноат тармоғида қайд этилди, хизматлар 3 бандга юқорилади, қурилиш тармоғида ўзгариш кузатилмаган.
Қишлоқ хўжалигида кичик пасайиш кузатилди. Бу эса мавсумий омиллар билан боғлиқ.
Тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 42 фоиз иштирокчилар ўз бизнеси жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаган, 74 фоиз эса келгуси 3 ойда бизнеси ҳолатини яхшиланишини кутмоқда. Бизнес вакилларининг ўртача 70 фоизга яқини 3 ойликда маҳсулот ва хизматларга бўлган талабнинг ўсишини кутаётганини билдирган.
Инфляцияга оид кутилмалар пасайиш тенденциясини кўрсатмоқда: йил бошида ўз маҳсулоти ёки хизматлари ошишини кутаётганлар улуши 25 фоиз бўлса, июнь ойида 21 фоизни ташкил этган.
Сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг 59 фоизи бизнес юритишда жиддий тўсиқлар йўқлигини қайд этган. Бироқ тадбиркорларнинг 10 фоизи молиялаштириш, 6 фоизи солиқ маъмурчилиги ва 6 фоизи солиқ ставкалари юқорилиги билан боғлиқ муаммоларни кўрсатган.
Тармоқлар кесимида эса молиялаштиришга эришишда энг катта тўсиқлар қишлоқ хўжалигида саноат ва қурилишда эса юқори солиқ ставкалари ва солиқ маъмурчилиги кўпроқ қайд этилган.
Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ўсиши, экспорт имкониятларининг кенгайиши ва маъмурий тўсиқларнинг камайиши Ўзбекистонда бизнес муҳитини барқарор ижобий деб баҳолашга асос яратади.
Тадбиркорларнинг яқин ойларга бўлган катта умидлари иқтисодий ўсишни янада мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун замин яратади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА