Божхона режими остида электроника маҳсулотларини қайта ишлаш масаласи муҳокама қилинди

120

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик сўнгги йилларда тобора кенгайиб, мустаҳкам институционал асосларга эга бўлиб бормоқда. Хусусан, 2025 йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси 7,7 миллиард АҚШ долларидан ошди. Бу эса 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга ўсганидан далолат.

Божхона қўмитасида Хитой Халқ Республикасининг Электроника савдо палатаси президенти Ванг Нинг бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Қўмита раиси ўринбосари Н.Мусамуҳаммедов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, асосий масала сифатида «божхона ҳудудида қайта ишлаш» – божхона режими остида электроника маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда экспорт қилиш истиқболлари муҳокама қилинди, дейилади Божхона қўмитаси маълумотида.

Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи И.Пардаев «Электроника соҳасида нуфузли бренд ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда божхона ҳудудида қайта ишлаш режимидан фойдаланиш тартиботлари» мавзусида тақдимот қилди. Унда мазкур режимда ишлаш талаблари ҳамда афзалликлари батафсил кўрсатиб ўтилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва муҳокама қилинган лойиҳаларни тез фурсатда амалга ошириш бўйича зарур чоралар кўришга келишиб олдилар.

А.РУСТАМОВ, ЎзА