Ўзбекистон ва Иордания ўртасида аграр соҳада янги ҳамкорлик истиқболлари белгиланди

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, фитосанитария ва карантин йўналишларида хорижий давлатлар билан тажриба алмашиш, чорвачилик, ветеринария ва рақамлаштириш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали ишлар қилинмоқда.
Жумладан, бугун Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Иордания қишлоқ хўжалиги вазири Саеб Абдел Ҳалеем Ҳресат билан учрашди. Унда аввало, Иорданиянинг машҳур «Аваси» қўй зотини мамлакатимизга олиб келиш ва уни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, юртимизда турли чорва молларини етиштириш ҳамда уларни Иорданияга экспорт қилиш истиқболлари белгиланди.
Учрашувда ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистондан гилос, майиз ва бошқа маҳсулотларни Иорданияга экспорт қилиш, у ердан эса хурмо, зайтун ва зайтун мойини мамлакатимизга олиб кириш имкониятлари белгилаб олинди. Бундан ташқари, қурғоқчиликка чидамли навларни маҳаллийлаштириш ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида фитосанитария ва карантин йўналишларида тажриба алмашиш, шунингдек, чорвачилик, ветеринария ва рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
Томонлар қатор пилот лойиҳаларни амалга ошириш, илгари имзоланган меморандумларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва бу борада масъул шахсларни тайинлаш бўйича ҳам келишиб олдилар, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Мазкур учрашув икки давлат ўртасида аграр соҳада ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши, ўзаро манфаатли ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлиши таъкидланди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА