Элчи: Тяньцзинь саммити ШҲТ тарихидаги энг йирик анжуман бўлади

31 август-1 сентябрь кунлари Тяньцзинь шаҳрида ШҲТ саммити бўлиб ўтади. Мазкур анжуман тузилма фаолият бошлагандан бери энг йирик тадбир бўлади, деди Хитойнинг Россиядаги элчиси Чжан Ханьхуэй «РИА Новости» агентлигига берган интервьюсида.
– Йиғилишда 20 нафардан кўп давлат етакчиси, шунингдек 10 халқаро ташкилот раҳбари иштирок этади, – деди дипломат. – Бу, шубҳасиз, аъзо давлатларнинг ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлидаги интилиши муштараклигидан гувоҳлик беради. Умуман, ШҲТ халқаро ҳамжамият эътиборини тобора кучлироқ ўзига қаратмоқда.
Маълум қилинишича, аъзо давлатлар раҳбарлари бу гал савдо, илмий-техникавий инновация, хавфсизлик ва ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилади.
Ахборотда саммит турли молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини ташкил этишга кўмаклашиши, қолаверса савдо, сармоя, энергетика, ўзаро боғлиқлик, рақамли иқтисодиёт ва яшил технология соҳаларида шерикликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўтарилиши таъкидланган.
РФ етакчиси ёрдамчиси Юрий Ушаков айтишича, бу ҳафта Владимир Путин Хитойга тўрт кунлик ташриф билан боради ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида ҳам иштирок этади.
2001 йил ташкил этилган халқаро ташкилот – ШҲТ таркибида айни пайт Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон бор. 2024 йил июль ойида Беларусь ҳам тўла ҳуқуқли аъзога айланди. Афғонистон ва Мўғулистон кузатувчи, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, БАА, Туркия, Шри-Ланка эса ҳамкор давлат мақомига эга.
С.Раҳимов, ЎзА