ШҲТ тарихининг янги даврига оид китоб тақдимоти ўтказилди

115

Пекинда Хитой Халқаро матбуот маркази (CIPCC) томонидан ташкил этилган 2025 йилги таълим лойиҳасида иштирок этиш учун бу гал 90 га яқин давлатдан 100 нафар ҳамкасбимиз йиғилди.

Турли давлатлар, ташкилотлар билан маданий, илмий ва таълим соҳасидаги алоқани ривожлантириш, маданий ва билим алмашинуви кўламини кенгайтириш, иштирокчиларга Чин диёри тарихи, маданияти ва иқтисодиёти ҳақида маълумот бериш каби мақсадларни кўзлаган CIPCC – “China International Public Communication and Cooperation” дастури асосида турли тренинг, семинар ва брифинглар ҳам ташкил этилади.

Бугун лойиҳа доирасида “ШҲТнинг янги даврдаги тарихи” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг инсонпарварлик, таълим ва маданият йўналишларидаги лойиҳаларига бағишланган мазкур асарда “Шанхай руҳи”нинг асл қадрияти – ишонч, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликда ривожланишни акс эттирувчи 18 тарих жамланган.

Навбатдаги ШҲТ саммити олдидан тайёрланган нашр иштирокчи давлатларнинг икки ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини ҳам ифодалайди.

Тақдимотда Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Люй Бин 24 йил мобайнида ШҲТ нафақат хавфсизликка оид, балки иқтисодиёт, дипломатия, маданий-гуманитар масалаларни ҳам қамраб олган тузилмага айланганини қайд этди.

“ШҲТ гуманитар алмашинув форуми-2025: Уйғунлик ва жипслик – келажакни бирга яратамиз” мавзусидаги тадбирда жорий йилги тадбирлар асосан гуманитар соҳада ҳамкорликни кучайтириш ва аъзо давлатлар ўртасида алмашинувни ривожлантиришга қаратилгани таъкидланди.

Анжуманда Ташкилот Бош котиби Нурлан Ермекбаев, шунингдек ХХР Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Ташвиқот бўлими ҳамда Хитой Медиакорпорацияси раҳбарлари ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Хитой, Пекин