“Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти ғолиблари жорий йилда илк марта аниқланади

“Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти танловини ўтказиш бўйича сенаторлар, депутатлар, қатор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ташкилий қўмитанинг дастлабки мажлиси ўтказилди.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошқарган мажлисда “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти Президентимизнинг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида таъсис этилгани қайд этилди.

Танлов мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фуқаролик жамияти институтлари, фаол жамоатчилик вакиллари ҳамда ташаббускор фуқароларни рағбатлантириш мақсадида ҳар икки йилда ўтказилади.
Ушбу танлов жорий йилда илк маротаба ташкил этилмоқда. Танловда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоячиси”, “Ёшлар сиёсати соҳасидаги ташаббускор етакчи”, “Маҳаллалардаги жамоатчилик тузилмаларининг фаоли”, “Энг фаол жамоатчилик назоратчиси”, “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича фаол ва ташаббускор”, “Ижтимоий инновациялар ва ривожланиш бўйича энг фаол ва ташаббускор”, “Инклюзив жамият барпо этиш бўйича энг фаол ва ташаббускор”, “Меценатлик фаолияти бўйича энг фаол ва ташаббускор” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади.

Ғолиблар ташкилий қўмита хулосаси ҳамда кенг жамоатчилик фикри асосида аниқланади ҳамда номинациялар бўйича биринчи ўрин БҲМнинг 50 баравари, иккинчи ўрин БҲМнинг 40 баравари, учинчи ўрин БҲМнинг 30 баравари миқдорида пул мукофоти, махсус статуэтка ва сертификат билан тақдирланади.
Танловда иштирок этиш учун 2025 йилнинг 1 октябрига қадар Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмаларига сўнгги икки йилда фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтлари, фаол жамоатчилик вакиллари ва ташаббускор фуқаролар шахсий маълумотлари, фаолияти, эришган ютуқларини акс эттирувчи ҳужжатлар билан бирга ариза топшириши мумкин.
Мажлис якунида танлов ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, ғолибларни шаффоф тизим орқали аниқлаш ҳамда танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар юзасидан келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА