Қўшимча даромад манбаини яратиш ишлари жадаллашмоқда

Аввал хабар қилинганидек, сув хўжалиги соҳаси ходимлари учун қўшимча даромад манбаи яратиш мақсадида ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш борасидаги ишлар давом этмоқда. Мелиорация ходимлари коллекторда ўрдак боқишни йўлга қўйди, – деб хабар бермоқда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан берилган топшириқларни бажариш ва ишчи ходимларни қўшимча рағбатлантиришни тизимли ташкил этиш мақсадида Хўжайли туманида мелиорация бўлими томонидан «Жанажап» ҳудудидаги коллекторда ўрдакчилик хўжалиги ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция масъуллари ва Бош чап қирғоқ тизими ходимлари иштирокида ҳудудларда ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш масаласи бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.
Тадбирда Мустақиллик байрами муносабати билан ходимларга гўшт ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тарқатиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Семинар иштирокчилари ижара шартномаси асосида аҳолига ажратилиб, ўрдак боқиш йўлга қўйилган Саманкўл ОФЙ ҳудудидаги коллекторни ҳам бориб кўрди. Мутасаддилар томонидан бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги