Ўзбекистон ва Қатар ўртасида янги лойиҳалар, мақсадлар ва устувор йўналишлар белгилаб олинди

144

Мамлакатимизнинг кўп томонлама ҳамкорлик истиқболлари янада кенгайиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги алоқалар сиёсий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан янада мустаҳкамланмоқда. Икки давлат ижодий гуруҳлари халқаро фестиваль ва танловларда фаол иштирок этиб, муносиб эътирофларга лойиқ кўрилаётгани ҳам, айни ҳақиқат.

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ўзбекистон-Қатар Мувофиқлаштирувчи кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур мулоқотда маданият соҳасида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган янги лойиҳалар, мақсадлар ва устувор йўналишлар белгилаб олинди.

«Араб ва ўзбек маданияти бир бири билан қадимдан узвий боғлиқдир. Мамлакатларимиз аҳолиси кўп асрлар турли соҳаларда ҳамкорлик қилиб, узвий алоқа боғлаб келганлар. Биз буни миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ўзаро ўхшашлигида, айнан мазкур мажмуа архитектурасида ҳам кўриб турибмиз. Қатар Давлати Амирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида меморандум» амалий ҳамкорлигимизнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида хизмат қилмоқда», деди.

Мулоқотда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов.
Шунингдек, учрашув давомида 2026 йилда Қатарда «Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари»ни ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Қатар давлати ҳукумати ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумининг 2026-2027 йилларга мўлжалланган ижро дастурини имзолаш, икки давлатда ўтказиладиган халқаро танлов ва фестивалларда вакилларимизнинг ўзаро иштирокини доимий таъминлаш каби таклифлар билдирилди.

Шунингдек, ҳунармандчилик ва туризм соҳаларида узвий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда маданият ва санъат соҳасида ўзаро малака ошириш курсларини ташкил этиш каби масалаларга урғу берилди, Маданият вазирлиги маълумотида.

Мулоқотдан сўнг, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов ҳамда Қатар маданият вазирининг бош котиби Гҳанем Бин Мубарак Ал-Али ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.

А.РУСТАМОВ, ЎзА