Хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларига кўмакчи

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги ва“Startup Garage” ҳамкорлигидаги янги лойиҳа талаба-ёшлар ва ёш хотин-қизлар учун катта имкониятларни бериши кутилмоқда.
Жумладан, эндиликда улар ўз стартап ғояларини ривожлантириш, амалда синаб кўриш ҳамда молиялаштириш имконига эга бўладилар. Ҳамкорлик асосида тренинг ва маҳорат сабоқлари ташкил этилиб, иштирокчилар бизнес юритиш бўйича амалий кўникмаларни эгаллашади.
“Startup Garage” хотин-қизларнинг ташаббусларини муваффақиятли бизнес лойиҳаларга айлантиришга ёрдам беради. Шунингдек, улар венчур капитал ва фондлардан молиявий кўмак олиш имконига эга бўлиб, лойиҳаларини нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон бозорида ҳам тарғиб қилишлари мумкин.
Бундан ташқари, иштирокчилар Founders School Community стартап ҳамжамиятига қўшилиб, барча ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Гулноза Бобоева,
ЎзА