Маҳалласига қувонч олиб келган Султонбек

183

Мустақиллик фарзандлари

Келажагидан умидли спортчи ёшларнинг бири Султонбек Пердебаевнинг спортга қизиқиши болалигидан бошланди. Нукус тумани спорт мактабида стол тенниси бўйича мураббий бўлиб ишлайдиган қўшниси Худайберген Аяпбергеновнинг қизиқиши билан у бошланғич синфда ўқиб юрган кезларида спорт мактабига қатнай бошлайди. Боладаги қобилият, чаққонликни пайқаган мураббийи у билан алоҳида шуғулланиб, натижада у стол тенниси бўйича ўтказилган мусобақаларга қатнаша бошлайди. Туман босқичида яхши натижаларга эришган у Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон миқёсида ўтказилган чемпионатларда ҳам қатнашиб, муносиб ўринларни эгаллайди. Хусусан, 2018 йил 16-22 сентябрь кунлари Тошкент вилоятида стол тенниси бўйича 2006 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўсмирлар ва қизлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида учинчи, 2018 йил 9-15 августда  Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида учинчи, 2022 йил 18-24 апрель кунлари Бухоро вилоятида 2008-2008 йилларда ва ундан кичик ўсмирлар ва қизлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринлар ғолиби бўлишга эришади.

Яқинда 11-15 август кунлари Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг Ўзбекистон Республикаси босқичида спортнинг стол тенниси бўйича «А» лига йўналишида 16-21 ёш тоифасида бўлиб ўтган мусобақада Султонбек учинчи ўринни эгаллаб, диплом ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди. Қувончлиси у шу ғалабаси билан ўзи яшайдиган Тўктов ОФЙга WORKOUT спорт майдончаси қуриб берилишини ютиб олди.

-Султонбекнинг спортга қатнашган дастлабки кунлари ҳали ёдимда. Характери тиниқ, ҳар бир айтилган сўзни оғишмай бажарадиган бола бу спорт турига қизиқиб, кўп куттирмай яхши натижаларни қўлга киритди. Мана энди муваффақиятлари билан маҳалламиз аҳлини ҳам қувонтирмоқда, – дейди унинг биринчи тренери Қ.Аяпбергенов.

Шунингдек, шу ўринда уни мусобақага тайёрлаган мураббийларидан Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоасининг ёрдамчи мураббийи Жанибек Досмурзаев, катта мураббий Бахтиёр Хамгелдиев ва Айзада Бахиеваларнинг ҳам меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли.

Оила фарзанд тарбиясида асосий ўрин тутадиган муқаддас маскан. Фарзандларининг тарбиясига  алоҳида қараб, уларнинг ўқиб билим олиши ва спорт турлари билан шуғулланиши билан бирга фойдали меҳнат билан банд бўлишини назоратга олган бобоси Пердебой ота билан ота-онаси Султонбекнинг топиши орқали маҳалласига спорт майдони қуриладиган бўлганидан жуда хурсанд.

– Фарзандларимизнинг бу ютуқларини Президентимиз томонидан мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор деб биламиз. Сабаби, мамлакатимизда барча жойларда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган. Бунинг учун биз ота-оналар Юртбошимиздан миннатдормиз. Устоз мураббийларига рахмат айтамиз – дейди унинг отаси Мамбеткарим Атамуратов.

Стол тенниси оммавий спорт тури бўлиб, сўнгги пайтларда бу спорт билан шуғулланувчилар сони ортиб бормоқда. Бу спорт билан шуғулланган одамда, биринчи навбатда, кўриш қобилияти яхшиланади. Узоқни кўра олмайдиган, компьютер қаршисида кўп ўтирадиган ёки кўзини қандайдир касалликдан даволаган одамларга стол тенниси катта ёрдам беради. Чунки, ўйин пайтида инсоннинг бор эътибори фақат тўпда бўлгани учун, кўз қисқа масофа атрофида машқ қилади. Шу сабабли стол тенниси билан мунтазам шуғулланувчилар орасида кўз шифокорига мурожаат қилувчилар деярли учрамас экан. Стол тенниси нафас олиш ва юрак-қон томир тизимлари фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ўйин вақтида бир неча мураккаб зарба берилади. Бир дақиқада 120 тагача зарба берилиши туфайли, стол тенниси инсонни чаққонлик ва эпчилликка ўргатади.



Спортда ютуқлари билан оиласини, устозлари ва маҳалладошларини қувонтириб, ёрқин келажакка катта ишонч билан қадам ташлаётган Султонбек олдига катта мақсадлар қўйган. У ҳам бўлса элимизга хизмат қилиб, ота-онасига муносиб фарзанд бўлиш. Бу йўлда унга омад ёр бўлишини тилаймиз.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентли