Тухум етиштириш ҳажми ошмоқда

Сўнги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш ҳамда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири — паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада хусусий тадбиркорлар фаоллиги ортиб, инновацион ёндашувлар асосида йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шу йўналишдаги самарали фаолият намунаси сифатида “Eko Agro Kapital” МЧЖни алоҳида қайд этиш мумкин.
Корхона 2016 йилдан буён паррандачилик йўналишида фаолият юритиб, Германия технологияси асосида тухум берувчи “Сенди коралл” зотли товуқларни боқиш билан шуғулланади. Ҳозирги кунда 52 минг бош товуқ сақланмоқда ва кунлик тухум ишлаб чиқариш ҳажми 42 минг донадан ошади. Маҳсулотлар асосан Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг ички бозорларига етказиб берилади, – деб маълумот беради Беруний тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Корхона ўз эҳтиёжлари учун парранда озукасини етиштириб, ички қайта ишлаш цехида озуқа тайёрлайди. “Сенди коралл” зотли товуқлар 120 кунликдан бошлаб тухум қўя бошлайди. Жорий йилда Украина технологияси асосида 72 минг бош жўжага мўлжалланган янги бокслар тўлиқ жиҳозланган.



Корхона иш бошқарувчиси Сухроб Раҳимовнинг таъкидлашича, 2025 йил якунигача 400 киловатт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, тадбиркор давлат томонидан ажратилаётган субсидиялардан фаол фойдаланиб келмоқда.
Бундай лойиҳалар ички бозорни барқарор таъминлаш, иш ўринларини яратиш ва маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги