Ўзбекистонда 2025 йил ҳисобида оилалар сони

176

Оила – жамиятнинг энг муҳим ижтимоий бўғини сифатида ҳар доим давлат сиёсатининг марказида туради. Мамлакатда аҳоли сони, ижтимоий-иқтисодий ҳолат, таълим ва саломатлик каби кўплаб кўрсаткичлар бевосита оилалар билан боғлиқ. Шу сабабли, ҳар йили эълон қилинадиган оила сони бўйича статистика нафақат ўсиш кўрсаткичларини, балки жамиятдаги ўзгаришларни ҳам акс эттиради.

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил 1 январь ҳолатида Ўзбекистон Республикасида жами 10 миллион 244 минг 241 та оила мавжуд. Бу рақам республикада оила институтининг мустаҳкамлигини ва унинг кенг кўламда ривожланаётганини кўрсатади. Ҳудудлар кесимида оилалар сони қуйидагича тақсимланган: Қорақалпоғистон Республикаси – 499 минг 417 та, Андижон вилояти – 946 минг 450 та, Бухоро вилояти – 615 минг 418 та, Жиззах вилояти – 370 минг 967 та, Қашқадарё вилояти – 911 минг 917 та, Навоий вилояти – 307 минг 744 та, Наманган вилояти – 834 минг 796 та, Самарқанд вилояти – 1 миллион 82 минг 846 та, Сурхондарё вилояти – 740 минг 5 та, Сирдарё вилояти – 251 минг 415 та, Тошкент вилояти – 913 минг 510 та, Фарғона вилояти – 1 миллион 177 минг 396 та, Хоразм вилояти – 580 минг 823 та, Тошкент шаҳри – 1 миллион 11 минг 537 та.

Ўзбекистонда аҳоли сонининг ортиши билан бирга, оилалар сони ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. 2025 йил ҳолатига кўра, 10 миллиондан ортиқ оиланинг мавжудлиги мамлакатда барқарор демографик ўсиш, ижтимоий мувозанат ва анъанавий оила қадриятларининг кучлилиги ҳақида сигнал беради. Ҳудудий тафовутлар эса ҳар бир минтақанинг ўзига хос ривожланиш суръатлари ва имкониятларини кўрсатади. Бу эса давлат сиёсатида ҳудудлараро тенгликни таъминлаш ва яшаш шароитларини янада яхшилаш заруратини тақозо этади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА