Мамлакатимизда тадбиркор аёллар сони ортмоқда

179

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёлларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш ва тадбиркорликдаги фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида мамлакатда аёллар раҳбарлигидаги кичик корхона ва микрофирмалар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилнинг 1 январь ҳолатида Ўзбекистонда аёллар раҳбарлигидаги кичик корхона ва микрофирмалар сони 43 минг 860 тага етган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 2 минг 611 тага кўп. Ушбу ўсиш мамлакатда тадбиркор аёллар учун яратилаётган имкониятлар, қўллаб-қувватловчи дастурлар, фоизсиз кредитлар, бепул ўқув курслари, субсидиялар ва эркин иқтисодий зоналардаги қулай шарт-шароитлар натижасидир.

Давлат томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида махсус кредит тизимлари йўлга қўйилган. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурлари доирасида кўплаб аёллар ўз бизнесини бошлаш учун молиявий кўмак олди. Аёл тадбиркорларга саноат зоналарида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини бошлаши учун ер майдонлари ажратилмоқда. Бу уларнинг бизнесини бошлашдаги асосий тўсиқлардан бирини бартараф этади.

Аёллар раҳбарлигидаги корхона ва фирмаларнинг сони ҳар бир вилоятда турлича. Аёллар тадбиркорлиги ривожида етакчи ўринни Тошкент шаҳри 12 минг 814 та кичик корхона ва микрофирмалар билан эгалламоқда. Тошкент шаҳрида ишбилармонлик муҳити ва қулайликлар юқори бўлиб, кўплаб аёллар хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасида муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Кейинги ўринни пойтахтга яқинлиги ва иқтисодий ҳудудлар мавжудлиги билан Тошкент вилояти эгаллаган. Самарқандда ҳам туризм ва ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритаётган аёллар сони ортиб бормоқда ва вилоятда аёллар раҳбарлигида кичик корхона ва микрофирмалар сони 3 минг 905 тага етди.

Бу нафақат иқтисодий фаолиятда аёлларнинг ўрни мустаҳкамланаётганини, балки мамлакат иқтисодиётининг муҳим сегментида уларнинг салмоқли ҳиссаси борлигини кўрсатади. Аёллар тадбиркорлиги қуйидаги соҳаларда фаол кўзга ташланмоқда. Tурли хизматлар бўйича 17 минг 239 та корхона, савдо соҳасида 17 минг 161 та, саноат соҳасида 5 минг 464 та ва бошқа соҳаларда 3 минг 996 та корхоналар фаолият юритиб келмоқда.

Бу кўрсаткичлар шуни англатадики, хизматлар соҳаси аёллар учун энг қулай ва даромадли соҳа бўлиб қолмоқда. Бу соҳа турли хизмат турларини, жумладан, гўзаллик салонлари, таълим, соғлиқни сақлаш, IТ ва бошқа кўплаб йўналишларни ўз ичига олиши мумкин.

Савдо соҳаси эса хизматлар соҳасидан фақат 78 та корхона билан орқада. Бу эса кўпчилик аёллар чакана ва улгуржи савдо йўналишларида фаол эканини, бу соҳа уларга қисқа муддатда фойда келтирувчи ва кириш осон бўлган йўналиш сифатида қаралаётганини англатади. 2025 йил бошига келиб, аёл тадбиркорлар бошқарувидаги корхоналарнинг маҳсулот сотишдан тушган соф даромади 47,7 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даври билан солиштирилганда қарийб 10,1 триллион сўмга ошган.

Ўзбекистонда аёлларни иқтисодий ҳаётга кенг жалб қилиш мамлакатнинг умумий ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Аёл тадбиркорларнинг кўпайиши нафақат оилавий даромадларни оширади, балки янги иш ўринлари яратилишига, хизматлар сифатининг яхшиланишига ва жамиятдаги тенглик тамойиллари мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Аёллар раҳбарлигидаги кичик корхоналар сонининг ортиши аёлларнинг жамиятдаги фаол ўрни, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдаги ролини кучайтиришга қаратилган сиёсатнинг самарали натижасидир. Келгусида ҳам бу борадаги ислоҳотлар, айниқса молиявий қўллаб-қувватлаш, кўникмаларни ривожлантириш ва гендер тенглигини тарғиб қилиш орқали тадбиркор аёллар сони янада ортиши кутилмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА