Қишлоқ хўжалигида навбатдаги мавсумга тайёргарлик бошланди

2026 йилги ҳосил учун қишлоқ хўжалиги ишларига тизимли равишда старт берилди. Бугун Тўрткўл туманидаги “Кўна Тўрткўл” ҳамда Амударё туманидаги “Чойкўл” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида жойлашган “Тўрткулли Қутлимурод Хўжайберген” ва “Чойкўл Дўстлик” фермер хўжаликларида амалий кўргазмали семинар бўлиб ўтди, – деб маълумот беради Амударё тумани Ахборот хизмати бўлими.
Ушбу тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, Тўрткўл ва Амударё туман ҳокимлари ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Семинар доирасида кўзги буғдой экиш ишларини сифатли ташкил этиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ва мавжуд ер майдонларидан унумли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, гўза майдонларида дефолияция жараёнларини босқичма-босқич ва самарали ташкил этиш орқали келгуси ҳосилдорликни оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар берилди.
Тадбир иштирокчилари амалий жараёнларни кузатиш баробарида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, шунингдек, ҳудудларда бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.



Семинар якунида деҳқонлар келгуси ҳосилга умид билан, яхши ниятлар ила уруғ сепишга киришишди. Бу каби тадбирлар нафақат тажриба алмашиш, балки қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришишга хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги