Интернет орқали эҳсон – савобми ёки фирибгарлик?

Ҳозирги кунда интернет, ижтимоий тармоқлар ва мобил иловалар орқали муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатиш анча оммалашган. Айниқса, турмуш шароити оғир бўлган, оғир касалликка чалинган ёки ёлғиз қолган инсонлар ҳақида видеолар ва постлар ижтимоий тармоқларда тезда тарқалмоқда. Бундай ҳолатларда юрагида раҳм-шафқати бор ҳар қандай одам, албатта, ёрдам қўлини чўзгиси келади.
Лекин, афсуски, савоб ишлар билан бир қаторда фирибгарлик ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Ёлғон видеолар, сохта етимлар ва ёлғон муҳтожлар… Савоб ишни ниқоб қилиб, инсонларнинг ишончини суиистеъмол қилаётган кимсалар борлиги ачинарли ҳақиқат.
Интернет орқали ёрдам бу катта имконият. Узоқда яшайдиган қариндошингиз ёки нотаниш муҳтожга тез ёрдам етказишингиз мумкин. Банк картаси, тўлов қилиш учун турли иловалардан бир неча сонияларда маблағ етказиш мумкин. Шу қулайликлар пайдо бўлгани, албатта ёрдам имкониятларини кенгроқ очиб беради. Одамлар ижтимоий тармоқларда ўз танишларини жалб этиб, кўпроқ ёрдам йиға олишади. Аммо бу имкониятлар билан бирга назорат йўқлиги ҳам мавжуд. Ким пул юборди, ким олганини аниқлаш қийин, айниқса бу шахсий карта рақамлар орқали амалга оширилса.

Айнан шу вазиятда яхши ниятли одамларни алдаб, муҳтож инсонлар номидан пул йиғиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Мисол учун, ёлғон видеолар, фирибгар блогерлар, бир неча марта ишлатилган “ёрдам ҳикоялари” юртдошларимизни ишончсизликка, савоб қилишдан чўчишига олиб келмоқда.
Муаммо фақат фирибгарларда эмас, биз оддий фуқаролар, кўзимизга ёш келганда дарҳол пул юбориб, сўнгра “фирибгарлар кўпайиб кетди” дейишимиз-да ҳам… Шу каби вазиятларнинг олдини олиш учун аввало, ҳар бир фуқаро эҳтиёт чораларини билиши ва амал қилиши керак. Аниқлик киритилмаган видеоларга ишонмаслик ва шу каби ҳолатларда “Бу қаер”, “Исми-шарифи ҳақиқийми?”, “Яшаётган маҳалласи тасдиқлаганми?” каби саволларни бериб кўриш даркор. Қолаверса, расмий жамғармалар, хайрия фондлари орқали ёрдам юбориш шаффофликни таъминлайди. Фондлар ёрдамни кимга, қанча берилганини расмий ҳужжатлар орқали намойиш этади.
Тўғри, биз ҳар бир ҳолатни текшира олмаймиз. Лекин шунчаки кўз юмиб кетиш ҳам нотўғри. Тўғридан-тўғри карталар айланмаси орқали пул ўтказишдан аввал кераклича текшириш даркор. Эҳсон қилаётган ёрдамимиз кўп ёки камлигидан қатъий назар ҳақиқий муҳтож инсонларга етиб бориши керак. Ушбу вазиятда ҳиссиётга эмас, ақлга асосланиш даркор. Муҳтож инсоннинг кўз ёши, дардли ҳикояси, болаларининг ҳолати юракни ўртаса-да, қарор чиқаришда ақлни ишлатиш керак.
Ҳақиқий муҳтожлар кўп. Улар бизнинг ёрдамимизга чиндан муҳтож. Шундай экан, ҳар биримиз оқилона, эҳтиёткор ва масъулият билан ёндашсак, чин муҳтожларга ёрдам бериб, фирибгарларни фош қилишимиз ва ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам алдашдан асрашимиз мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА