Қонунга итоат – тинч ва осуда ҳаёт кафолати

135

Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл тумани суди тергов судьяси Б.Сабуров томонидан тумандаги “Уллубоғ” маҳалласида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Бу галги суд мажлиси одатдаги суд биносида эмас, балки аҳоли ўртасида – маҳаллада ташкил этилди. Мақсад – ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларни жазолаш билан бирга, қолганларга сабоқ бўлиши, қонунга бўлган ҳурматни янада мустаҳкамлаш.

Мажлис давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131, 183, 185 ва 202-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган 5 нафар шахсга нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди. Судья ишларни чуқур таҳлил қилиб, ҳар бир ҳуқуқбузарга қилган қилмишига яраша 5 суткадан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Шу сайёр суд мажлисига гувоҳ бўлган маҳалла аҳли ҳам ўз кўзи билан кўриб, қонун бузилса, жазо муқаррар эканини англаб етди. Уларнинг айтишича, бу каби суд мажлислари жамиятда тартиб ва интизомни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

— Қонун ҳаммамиз учун баробар. Агар ҳар биримиз ўз бурчимиз ва масъулиятимизни билсак, оилада ҳам, маҳаллада ҳам, бутун жамиятда ҳам тинчлик бўлади, – дейди маҳалла фаоллари.

Таъкидлаганидек, бундай сайёр суд мажлисларининг асосий мақсади — ҳуқуқбузарларни жазолашдан кўра, уларда қонунларга ҳурмат туйғусини уйғотиш, келгусида бундай ҳолатлар қайта такрорланмаслигига эришишдир.



Шундай экан, ҳар бир фуқаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаб, қонунларга амал қилса, турмушимиз янада обод, осуда ва фаровон бўлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги