Ўқитувчилар ва ўқувчилар учун мусобақа ва саёҳат ташкил этилди

167

 

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали томонидан Спорт вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан «Долзарб 90 кун» лойиҳаси доирасида 22-23 август кунлари спортнинг стол тенниси, волейбол ва кўпкураш туридан спорт мусобақалари ўтказилди.

Унинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибаев, қатор соҳа раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва устоз мураббийлар сўзга чиқиб, мусобақанинг аҳамиятига тўхталиб, иштирокчи жамоа аъзоларига омад тилади.





Мақсад – жорий йил 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган «Долзарб 90 кун» дастури ва «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, оммавий спорт турларини кенг оммалаштириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишдир.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидан келган жисмоний тарбия ўқитувчилари ва мактаб ўқувчиларидан тузилган жамоалар иштирок этди.

Тадбирнинг иккинчи куни мусобақа иштирокчилари учун Хўжайли тумани ҳудудида жойлашган Миздахқон археологик комплексига саёҳат ташкил этилди, ярим финал ва финал босқичлари бўлиб ўтди.

Саёҳат давомида иштирокчилар ушбу археологик мажмуа ҳақида кенг тушунчага эга бўлди ва ўзлари учун ёдгорлик суратларига тушиб, фикр алмашди, мароқли ҳордиқ чиқарди.





Филиалда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, ғолиб спортчиларга ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом, кубок, медаль ва эсдалик совғалари топширилди. Тақдирлаш маросими санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.


А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.