«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон»: Газ тармоқларини мавсумга тайёрлашда мобил лабораториядан кенг фойдаланилмоқда

Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга бир маромда табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришда дуч келинадиган муаммоларнинг олдини олишда газ тармоқларини техник кўрикдан ўтказиш муҳим саналади.
Айни пайтда ҳар бир ёруғ кундан унумли фойдаланган соҳа мутахассислари жойларда газ тармоқларини капитал таъмирлаш, қурилиш-реконструкция ишлари билан бирга, муаммоли ҳудудлардаги газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатларни ўрганиб, уларни бартараф этиш ишларига эътибор қаратмоқда.
Шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан истеъмолчиларни узлуксиз табиий газ билан таъминлаш бўйича белгилаб олинган режа асосида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларга етказиб берилаётган газ сифатини яхшилаш, табиий газдан хавфсиз фойдаланиш, газ тармоқларининг яроқлилигини аниқлаш ва газнинг сизиб чиқиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича махсус мобил лаборатория ёрдамида шаҳар ва туманларда йил бошидан 4297,7 километрлик газ тармоқлари кўздан кечирилди. Шундан 124,2 километрлик газ тармоқлари ер остида, 3052,5 километрлик газ тармоқлари ер устида жойлашган.
Текширувлар давомида 272 ҳолатда газ тармоқларидан газнинг сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланиб, соҳа мутахассислари томонидан ўз вақтида бартараф этилди. Натижада 152 минг метр куб газ тежалишига эришилди. Бу борадаги ишлар жойларда давом эттирилмоқда.


Албатта, бу олиб борилаётган ишлар замирида олдимизда турган куз-қиш мавсумида истеъмолчиларнинг ёқилғи энергетикасига бўлган эҳтиёжини қондириш, табиий газдан тежамкор ва хавфсиз фойдаланишдир. Бу борадаги ишлар республикамизнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам қизғин давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги