2026 йил ҳосили учун буғдой экиш ишлари бошланди

193

 

Меҳнаткаш деҳқонларимиз томонидан 2026 йил ҳосили учун кўзги буғдой экиш ишларига қизғин тайёргарликлар кўрилиб, туманларда бу борадаги ишлар қизғин бошлаб юборилди.

Беруний ва Элликқалъа туманларида қишлоқ хўжалиги соҳаси раҳбарлари, кластерлар ва фермерлар иштирокида ушбу масалаларга бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.

Беруний туманидаги Навоий ва Элликқалъа туманидаги Гулдурсин овул фуқаролар йиғинларида жойлашган «Элдор Йўлдошбой» ва «Гулдурсин парвози» фермер хўжаликларида ўтказилган семинарда 2026 йил ҳосили учун буғдой экиш ишларини ташкил этиш ва пахта майдонларида дефолиация ишларини тизимли ташкил этиш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

Ушбу муҳим тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, туман ҳокимлари ва соҳа мутасаддилари иштирок этди.

Семинар давомида буғдой экиш ва пахта дефолиацияси бўйича илғор тажрибалар намойиш этилди, соҳа мутахассислари ўзаро фикр алмашди.

Тадбирнинг энг ҳаяжонли қисми – уруғ сепиш маросими бўлди. Иштирокчилар биргаликда ерга уруғ сепиб, 2026 йил ҳосили учун барака тилади.

Албатта, бундай маросимлар келажакка умид билан қараш, миришкор деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатини қадрлаш ва табиат билан уйғун яшашга интилиш рамзидир.

2026 йил ҳосили учун буғдой экиш ишлари бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги