Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми ва “йўл харитаси” имзоланди.
Тадбирда ушбу ҳамкорлик таълим жараёнига инновацион педагогик технологияларни жорий қилиш, ҳозирги замон талаблари ва жамият эҳтиёжларига жавоб берадиган ўқув режалари, дастурлари ҳамда ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани таъкидланди.
Томонлар ҳамкорлик доирасида таълим сифатини ошириш, ёшлар ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, долзарб масалаларга бағишланган конференциялар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ташкил этиш режалаштирилганини қайд этди.
Шу билан бирга, етакчилик, нотиқлик маҳорати ва лойиҳа бошқаруви бўйича онлайн ўқув курсини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Келгусида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида марказнинг “Келажак яратувчилар” лойиҳаси доирасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилади.
Ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш ва виртуал маконда хавфсиз таълим муҳитини яратиш мақсадида киберхавфсизлик масалалари бўйича онлайн курс ташкил этилади.
Н.Абдураимова, ЎзА