Япониялик ҳамкорлар Қорақалпоғистон тиббиёт институтида

144

Хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари, ҳамкорлик бошқа соҳалар каби тиббиёт соҳасида ҳам сўнгги пайтларда яхши йўлга қўйилган. Тиббиётда ўзига хос ютуқлари билан етакчи ўринга эга бўлган Япониянинг Жунтендо университети профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат делегация бугун 22 август куни Қорақалпоғистон тиббиёт институтига ташриф буюрди.

Институт раҳбарияти ва меҳмонлар ўртасида ўтказилган учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, клиник иммунология ва мануал терапия бўйича илмий тажриба алмашиш; фармация соҳасида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, илғор япон тиббий технологияларини жорий этиш ҳамда ходимлар ва талабалар алмашинуви дастурларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув давомида Оролбўйи ҳудудида соғлиқни сақлаш билан боғлиқ долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Меҳмонлар институтнинг таълим жараёни, замонавий шароитлари ва ёш кадрларни тайёрлашдаги ютуқлари билан ҳам яқиндан танишди.


Ушбу учрашув Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг халқаро миқёсда очиқлиги, инновацион тиббий билимларни жорий этиш ва ёш мутахассисларни тайёрлашдаги саъй-ҳаракатларига янада куч бағишлайди.

Делегация иштирокидаги тадбирлар давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги