Ўз фарзандининг операцияси муваффақиятли ўтганидан хурсанд бўлган она

144

Туғма юрак нуқсони билан туғилган болалар учун бепул имконият яратилди, – деб хабар бермоқда Қорақалпоғистон тиббиёт институти матбуот хизмати.

Хабарингиз бор, 18-23 август кунлари Тошкент шаҳридан келган Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази кардиохирурглари Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида иш олиб бормоқда.

Шу ҳафта давомида туғма юрак нуқсони билан туғилган болалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Агар жарроҳлик амалиёти зарур деб топилса, операция ҳам бепул амалга оширилмоқда.

Шу куни нукуслик она – Ўтемуратова Алима ўз фарзандининг операцияси муваффақиятли ўтганидан жуда хурсанд. У Ҳурматли Президентимизга, кардиохирурглар бригадасига ва Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси шифокорларига чуқур миннатдорлик билдирди.

Онанинг сўзларига кўра, узоқ йиллар давомида фарзандининг касаллиги туфайли қийналиб келган оила бугун янги ҳаёт ва умидга эга бўлди.

Бу эзгу ташаббус нафақат болалар ҳаётини сақлаб қолмоқда, балки минглаб ота-оналарга ҳам куч ва ишонч бағишламоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги