Тадбиркорларга янги имкониятлар эшиги очилмоқда

Муносабат
20-август — Тадбиркорлар куни муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим тарихий воқеа бўлди. Ушбу учрашувда сўз юритилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар юртимизда ишбилармонлар фаолиятига янада кенг йўл очиб бермоқда.
Сўнгги саккиз йил ичида мамлакатимизга 230 миллиард доллар инвестиция кириб келиб, шундан 120 миллиарддан ортиғи хорижий сармоялар экани — Ўзбекистон иқтисодиётининг очиқлиги ва жозибадорлигидан далолатдир. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг мингга яқин ташаббуси қонунчиликда ўз аксини топгани уларнинг давлат сиёсатидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Бу йил ҳудудларда саноат инфратузилмасини яхшилаш учун 1,7 триллион сўм ажратилгани, келгуси йилда эса бу маблағ 25 фоизга оширилиши ҳам тадбиркорлар учун катта қўллаб-қувватловдир. Шунингдек, туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида меҳмонхона ва масканлар ташкил этиш учун келгуси уч йилда 5 минг гектар ер аукционга чиқарилиши ва тадбиркорлар ер учун тўловдан озод қилиниши — юртимизда туризм соҳасини мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Президентимиз нутқида алоҳида қайд этилган йўналишлардан бири — хусусий тиббиёт соҳаси бўлди. Сўнгги етти йилда хусусий клиникалар сони 3,5 мингдан 8,5 мингтага етгани бу соҳанинг изчил ривожланаётганини кўрсатади. Бу орқали соҳага тўпланган тажриба, замонавий технологиялар ва малакали кадрлар сифат кўрсаткичларини ҳам кескин яхшилади.
Энг муҳими, чегара ҳудудларда замонавий тиббиёт кластерларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Уларда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораториялар фаолият кўрсатади. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат томонидан 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси очилиши, тадбиркорларга 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан 17 фоизли кредитлар ажратилиши — соҳа вакиллари учун улкан имкониятдир.
Биз, хусусий тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар, бу каби қўллаб-қувватлаш сиёсатидан чуқур миннатдормиз. Президентимиз томонидан билдирилган ҳар бир ташаббус нафақат соҳа ривожига, балки аҳолининг соғлом турмуш кечиришига хизмат қилади.
Хусусий клиника раҳбари ва депутат сифатида таъкидламоқчиманки, бизга яратилган бу имкониятларни муносиб қўллаб-қувватлаб, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун сидқидилдан хизмат қиламиз.
Мулоқот тадбиркорлик ва соҳа ривожида янги босқичнинг пойдевори бўлиб, ишбилармонлар учун янги имкониятлар эшигини очди. Унда билдирилган фикр ва таклифлар амалий ечимлар ишлаб чиқишга, соҳа фаолиятини самарали йўналтиришга хизмат қилади. Шунингдек, тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириб, инновацион ғоялар ва янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга ундамоқда.
Бу эса нафақат фаолиятимизни янада жонлантириш, балки иқтисодий тараққиётни таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида аҳамият касб этади.
Бахтиёр Отелбоев,
Халқ депутатлари Қўнғирот тумани Кенгашининг депутати,
тумандаги «Соғлом юрак клиникаси» хусусий корхонасининг бошлиғи.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги