Юртимиз бўйлаб эзгу мақсадларни ўзида жамлаган тадбир бошланди

132

Дарҳақиқат, мустақиллик туфайли мамлакатимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланди. Дунёдаги турли давлатлар ва халқлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларимиз тобора кенгайиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бормоқда.

Ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, саиллар, маданият ва спорт тадбирлари ўтказилади.

Икки кун давомида мамлакатимиз бўйлаб «Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки!» шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари ҳам ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ушбу шанбаликка икки кун давомида 500 мингга яқин фуқаро иштирок этиши кутилмоқда. Шундан 172 мингга яқинини ёшлар ташкил этади. 2418 гектар майдон ободонлаштирилади, 1900 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланади, 981 километрлик ариқ-зовур ва лотоклар тозаланади. Бу ишларга 377 та техника воситалари жалб этилади. 461 та қабристон, 8 та зиёратгоҳ, 13288 та кўча тозаланиб ободонлаштирилиб, 235388 та дарахтга чиройли кўриниш берилиб, оқланади. 428 та болалар ўйин майдончалари таъмирланиб, тартибга келтирилади. 23 мингдан зиёд хонадоннинг томорқа ерлари қайта ишланиб, ободонлаштирилади. 943 та хонадонга тегишли уй-жойлар таъмирдан ўтказилади. 1851 та эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатилади.

Албатта, буларнинг барчаси бундан ўттиз тўрт йил олдин қўлга киритилган миллий мустақиллигимиз, бугунги кунда кўп миллатли бутун халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсад йўлида бирлаштириб, янги ютуқ ва марралар сари руҳлантиради.

Республикамизда хайрия ҳашари бошланиб, самарали давом этмоқда.



А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги