Ёш мутахассислар учун замонавий талаблар асосида янги иш ўринлари яратилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда ёш мутахассислар учун замонавий талаблар асосида янги иш ўринлари яратиш масалаларига эътибор қаратилди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Давлатимиз раҳбари глобаллашув даврида меҳнат бозори фақат сон билан эмас, сифат билан ҳам баҳоланишига тўхталиб ўтди. Яқин йилларда мамлакатимизда ишга туширилиши режалаштирилган 83 миллиард долларлик йирик лойиҳалар натижасида саноатнинг ўзида 500 мингга яқин малакали мутахассисга эҳтиёж пайдо бўлиши таъкидланди.
Бу эса, рақобатбардош, замонавий технологияларни пухта эгаллаган, янгиликка тез мослаша оладиган, халқаро стандартларга жавоб берадиган мутахассислар зарурлигини англатади.
Шу боис, олий таълим тизимини иш берувчилар талабларига мослаштириш, ўқув дастурларини соҳа ривожи ва технологик янгиликларга уйғунлаштириш долзарб ва устувор вазифага айланиши лозим.
Рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун, албатта, ўқув жараёнини ишлаб чиқариш билан интеграциялаш, амалиёт ҳажмини кўпайтириш, соҳа мутахассислари билан бевосита ишлаш ва таълимни инновацион технологиялар билан бойитиш зарур.
Йиғилишда таъкидланган муҳим масалалардан бири – қиймати 1 миллион доллардан, ишчилар сони 50 тадан кўп бўлган лойиҳалар бўйича мутахассисларга эҳтиёжни аниқлашдир. Шу орқали масъул вазир ва тармоқ раҳбари олий ўқув юртига буюртма жойлаштириб, кадрларни мақсадли тайёрлашни йўлга қўяди.
Бундай ёндашув натижасида талабалар келажакда қандай иш ўрнига эга бўлишини яхши билади. Иш берувчилар эса эҳтиёжига мос равишда пухта тайёрланган мутахассисларни қабул қилади.
Бу тизим “диплом бор, иш йўқ” муаммосини камайтиради, олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узилишни бартараф этади ҳамда битирувчиларнинг меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишини таъминлайди.
Шу билан бирга, олий ўқув юртлари ўқув дастурларини бозор талабларига тезкор мослаштириши, амалиёт базасини кенгайтириш ва кадрлар тайёрлаш сифатини ошириши зарур бўлади.
Эндиликда битирувчини ишга олган корхона тадбиркорлик рейтингида қўшимча баллга эга бўлади. Бу механизм корхоналарни нафақат фойда олиш, балки ўз рейтинги ва бозордаги обрўсини ошириш учун ҳам ёш мутахассисларни ишга олишга ундайди.
Бундан ташқари, ҳар бир вилоятда “бизнес инкубатор”лар ташкил этилиши ва бу орқали битирувчиларни банд қилиш ташаббуси илгари сурилди. Бу эса маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва инновацион ғояларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Бундай инкубаторлар тадбиркорлик, маркетинг, дизайн ва ахборот технологиялари каби замонавий ва юқори талабга эга йўналишлардаги мутахассисларга иқтидорини кўрсатишга имкон беради.
Шу билан бирга, ҳар бир ҳудудда 10 мингга яқин битирувчи иш билан таъминланиши, уларнинг малакаси бозор талабларига мос равишда шаклланиши орқали маҳаллий бизнеснинг рақобатбардошлиги ошиши кутилмоқда.
Демак, энди ёшлар нафақат иш ўрни, балки ўз стартап ва лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур шароитларга эга бўлади.
Бу ташаббус ҳудудларда янги иш ўринлари тенг тақсимланиши ва ёшларнинг мажбурий миграцияси камайишига ёрдам бериши шубҳасиз.
Бугунги кунда тадбиркорлик, маркетинг, дизайн ва ахборот технологиялари каби йўналишлар замонавий иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган сегментлари бўлиб, уларда иш ўринлари яратиш нисбатан тез ва кам харажат билан амалга ошади. Айниқса, ITва дизайн глобал бозорга чиқиш имконини беради. Бу эса, экспорт даромадларини оширишга ҳам хизмат қилади.
Мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқлари кимё, энергетика, геология, автосаноат, металлургия, тўқимачилик, электротехника, қурилиш, транспорт ва логистика соҳаларида ёшларни иш билан таъминлаш имкониятлари ҳам мавжуд.
Ушбу соҳалар нафақат йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга, балки замонавий технологияларни жорий этиш, инновациялар яратиш ва хизмат кўрсатиш йўналишларида ҳам катта салоҳиятга эга.
Ёшларнинг бу тармоқларга жалб этилиши уларнинг профессионал ривожланишини тезлаштиради, янги малака ва кўникмаларни шакллантиради, кадрлар бозорида рақобатбардошликни оширади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу йўналишда давлатимиз раҳбари тизимли ёндашувни белгилаб берди. Илгари сурилган ташаббусларнинг амалиётга татбиқ этилиши таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узилишни бартараф этиб, ёшларнинг тез ва сифатли ишга жойлашишига замин яратади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА