Маънавият орқали уйғонаётган миллат

228

Мушоҳада

Миллатнинг қайта туғилиши, аввало, қалбда содир бўладиган маънавий уйғонишдир. Ўзлигини англаган, тарихи ва келажаги учун масъулиятни ҳис этадиган халқгина юксак тараққиёт сари дадил интилади. Бу борада улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Миллатнинг маънавий тарбиясиз камол топиши мумкин эмас. Маънавият — миллатнинг фойдаси, хулқи, дунёқараши, инсонпарварликка ва илмга бўлган муносабатидир” деган сўзлари бугунги ислоҳотлар моҳиятини янада теран англашга ёрдам беради.

Шу маънода, янги Ўзбекис­тонда кечаётган ислоҳотлар мазмуни ҳам маънавиятни тиклаш, жамият онгини юксалтириш, халқ қалбида фахр ва бирдамлик туйғусини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг муваффақиятли келажагини тасаввур қилишда маънавият эндиликда оддий мафкуравий восита эмас, балки фуқаролик жамиятини шакллантирувчи, давлат барқарорлигини таъминловчи стратегик асос сифатида майдонга чиқмоқда. Бу асосни мустаҳкамлашда эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг қамровли ва теран маънавий ислоҳотлар ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.

Бу борада маънавиятга оид ҳар бир ташаббус, маданият ва санъат соҳаларидаги ҳар бир ўзгариш инсон қалбига қаратилмоқда. Санъат ва маънавият орқали ҳар бир инсонда миллатга, жамиятга дахлдорлик туйғусини уйғотиш асосий мақсадга айланган.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида ижодкорларга яратилаётган имкониятлар, миллий меросни асраб-авайлаш ва дунё миқёсида тарғиб этиш борасидаги чора-тадбирлар — буларнинг барчаси умуммиллий уйғонишга ҳисса қўшмоқда.

Бу жараёнлар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам рўйирост бўй кўрсатаётир. Ушбу ўлка нафақат маданий ранг-баранглик тимсоли, балки Ўзбекистондаги миллатлараро дўстлик, бағрикенглик ва маънавий муштараклик сиёсатида муҳим бўғин ҳисобланади. Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифлари чоғида ижодкорлар, нуронийлар ва ёшлар билан учрашувлардаги мулоқотлари, уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, маданият ва маънавиятга қаратилаётган эътибор — булар умуммиллий ғоянинг, мақсадларнинг амалий ифодаларидир. Улар халқнинг ўзини англаши, жамиятнинг бирлашуви ва келажакка ишонч билан қарашига хизмат қилмоқда.

Қорақалпоқ халқининг бой ҳамда бетакрор маданияти нафақат ўзига хос анъана ва қадриятлар, балки умуммиллий маънавият хазинасининг муҳим қисми сифатида эътироф этилади. Асрлар давомида шаклланган халқ оғзаки ижоди, фольклор анъаналари, миллий рақс ва куйлар, мақом ва мусиқа турлари, айниқса, қорақалпоқ бахши-жировлари ижросидаги миллий фольклор намуналари, шўх йигит-қизларнинг бетакрор рақслари, “Саҳро булбуллари” дея эътироф этилган хушовоз хонандалар ижросидаги қўшиқлар халқнинг руҳий қуввати ва тарихий тафаккурини ифодалаб келган.

Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Қорақалпоқ санъати — дунёда ўхшаши йўқ, бетакрор бойлик”, дея эътироф этган эди. Бу сўзлар нафақат ижодкорларга, балки бутун халқимизга чексиз Қурур бағишлайди. Ўз навбатида, масъулиятимизни ҳам оширади.

Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган “Айқулаш” қорақалпоқ давлат фольклор ансамбли ҳам ана шундай эътибор самарасида юксалмоқда. Ушбу жамоа ўзининг 70 йиллик фаолияти давомида юртимиз ва халқаро миқёсда миллий анъаналаримизни кенг тарҚиб қилиб келмоқда.

Қорақалпоқ санъати нафақат эстетик тарбия, балки халқимизнинг тарихий хотираси, тили, урф-одатлари ва миллий ўзлигини сақлаб қолишда беқиёс аҳамиятга эга маданий воситадир. Айниқса, фольклор ва куй-достонлар орқали асрлар давомида яшаб келаётган тарихий воқеалар, қаҳрамонлик образлари, қадимий анъаналар ва ҳаёт тарзи ёш авлод онгига сингдирилиб, миллий тафаккур пояси мустаҳкамланмоқда. Масалан, “Алпомиш”, “Едиге” ва “Қирқ қиз” каби достонларда халқ қаҳрамонларининг жасорати, эл-юртини ҳимоя қилиш йўлидаги садоқати, олийжаноб фазилатлари ёрқин ифодаланган. Бу образлар фарзандларимизни Ватанга муҳаббат, бадиий зийраклик ва фидойи­лик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу жараёнда таълим муассасалари, ижод мактаблари ва халқ ансамблларининг ўрни алоҳида. Айниқса, Қорақалпоғистонда тузилган ижод мактаблари, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган грант тизими ва фольклор ансамбллар фаолияти миллий ўзликни сақлаш ҳамда юксалтиришга қаратилган давлат сиёсатининг бир бўлаги сифатида кўрилади. Маданият ва санъатни ривожлантиришга доир бундай тизимли ёндашув Президентимиз раҳнамолигида миллий бирлик ва маънавий барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим асос бўлмоқда.

Қорақалпоқ санъати бугун нафақат ҳудудий бойлик, балки миллий ўзлигимизнинг ёрқин тимсоли сифатида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу жараёнда ҳар бир ижодкор, устоз ва ёш иштирокчи — тарих ҳамда келажакни уйғунлаштирувчи маънавий элчига айланмоқда.

Янги Ўзбекистон шароитида маданият ва санъат соҳасини тараққий эттириш нафақат ижтимоий эҳтиёж, балки миллий тикланиш жараёнининг стратегик вазифаси сифатида майдонга чиқди. Бу борада Президентимиз раҳбарлигида қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, соҳани тубдан ривожлантиришга қаратилган тизимли қарор ва фармонлар қорақалпоқ санъати ҳамда маданияти учун ҳам янги даврни бошлаб бергани айни ҳақиқат.

Жумладан, 2021 йил 7 июндаги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ ҳар йили 15 апрель санаси расман “Маданият ва санъат ходимлари куни” сифатида белгиланиб, ижод аҳлининг жамиятдаги ўрни ва нуфузи юксак даражада тан олинди.

Бу сиёсий ёндашувнинг яна бир амалий ифодаси сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маданиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Ушбу жамғармага республика бюджети ҳисобидан 20 млрд. сўм маблағ ажратилиши маданиятга бўлган эътиборнинг муҳим кўрсаткичи бўлди. Мазкур фонд орқали қатор маданият муассасалари техник ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланди, ижодий жамоалар учун замонавий автобуслар харид қилинди, саҳна либослари янгиланди, фольклор ансамбллар фаолиятини кенгайтириш учун шароитлар яратилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган “Айқулаш” давлат фольклор ансамблининг халқаро миқёсдаги фаоллиги яратилган имкониятлар самарасидир. Жамоа яқинда Италияда бўлиб ўтган халқаро фольклор фестивалида муносиб иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Шунингдек, Қорақалпоғистондаги маданият муассасалари таъмирланмоқда, янги бинолар қурилмоқда. Театрларнинг гастроль сафарлари уюштириляпти. Президент ташаббуси билан таълим муассасалари қошида ижод мактаблари ташкил этилаётир, фольклор санъатини ўргатувчи дастурлар яратилмоқда. Бу эса маданият соҳасига кадрлар тайёрлашда, миллий ўзликни ёш авлод онгига сингдиришда ҳам муҳим вазифани бажаряпти.

Соҳадаги яна бир муҳим янгилик — халқаро фольклор фестивалларининг йўлга қўйилиши ва анъанавий тус ола бошлагани бўлди. Бу фестиваллар орқали нафақат юртимиз фольклори, балки Қорақалпоғистоннинг бетакрор куй-қўшиқлари, рақслари ва мусиқа асбоблари кенг намойиш қилинмоқда. Бундай тадбирлар миллий маданиятнинг жаҳон маданий меросида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаши билан эътиборга молик.

Лўнда айтганда, соҳадаги давлат сиёсати ва халқаро лойиҳалардаги фаол иштирок Қорақалпоғистонда санъат ва маданиятнинг янада ривожланиб, янги Ўзбекистон маънавий тараққиётининг ажралмас қисмига айланаётганини яққол кўрсатмоқда. Давлат ва жамият ўртасидаги янги муносабат модели санъатнинг ҳақиқий қудрати — миллатни уйғотиш салоҳиятини янада очиб берди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда маънавиятга таянган сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар мамлакат ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам юқори баҳоланмоқда. Бу жараён халқ онгида фахр ва масъулият туйғусини кучайтириб, жамиятда янги руҳ ва янги муҳит яратишга хизмат қилмоқда. Президентимиз раҳнамолигидаги маънавий сиёсат сўзда эмас, амалда ҳар бир фуқаронинг ҳаётига кириб бориши орқали миллий тикланишни рағбатлантирмоқда.

Қорақалпоғистондаги маънавий ва маданий юксалишлар нафақат ҳудуд тараққиёти, балки янги Ўзбекистоннинг умуммиллий ривожланиш стратегияси билан уйғунликда рўёбга чиқмоқда. Бу йўл барқарор тараққиёт ва маънавий етук авлодни тарбиялашнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Гулхатша АЙИМБЕТОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси
«Айқулаш» қорақалпоқ давлат миллий

                                               фольклор ансамбли вокал артисти.

Қорақлпоғистон ахборот агентлиги

«Халқ сўзи» газетаси 2025 йил  16 август, №167 (9062)