Ўзбекистон Миллий музейи қурилиши бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Юртимиз тарихи, ўзига хос маданий ва моддий мероси дунё аҳлини ҳамиша ҳайратга сола олган. Тарихий меросни замонавий ҳамда ўзига хос бадиий қарашлар билан жамлаш, асраш ва уйғунлаштирган ҳолда бугунги ва келажак авлодларга етказиш ҳамиша муҳим саналган.
Пекин шаҳрида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова Хитой давлат қурилиш муҳандислик корпорацияси халқаро бўлими раиси жаноб Гао Бо билан учрашув ўтказди.

Учрашув марказида машҳур япон меъмори Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилаётган янги Ўзбекистон Миллий музейи қурилиши бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги маълумотида. Лойиҳа амалга оширилгач, мамлакатимизнинг тарихий мероси ва замонавий бадиий қарашларини уйғунлаштирган янги маданий рамзга айланади.
Томонлар бунёд этиладиган мажмуанинг меъморий ечимлари, сифати, бу борада мустаҳкам ва чидамли материаллардан фойдаланиш ҳамда илғор халқаро тажрибаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида лойиҳа энг юқори даражада амалга оширилиб, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёнинг етакчи маданий марказига айлантирилиши кутилмоқда.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА