«Zakovat Asian Cup II»: Ўзбек ёшлари билим майдонида зафар қучди

117

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ислоҳот ва ташаббуслар бугун ўз самарасини бермоқда.

Президентимизнинг «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастур бўлмоқда. Қайд этилганидек, ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга жалб қилиш, аҳоли орасида маърифатпарварлик муҳитини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида ёшларимиз нафақат республика, балки халқаро майдонда ҳам нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида “Zakovat Asian Cup II” мусобақаси бўлиб ўтди. Беллашувларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ёшларидан тузилган терма жамоалар кубок учун кураш олиб борди.

Биринчи ўйин 6:2 ҳисоби билан юртимиз жамоаси фойдасига якунланди. Иккинчи беллашувда ҳам ёшларимиз зафар қучиб, натижада Ўзбекистон терма жамоаси “Zakovat Asian Cup II” мусобақаси ғолиби деб топилди. Шунингдек, тадбир доирасида турли маданий-маърифий дастурлар ҳам ташкил этилди.

“Zakovat Asian Cup II” да қўлга киритилган зафар ёшларимизнинг интеллектуал куч-қудрати, мантиқий фикрлай олиш маҳорати ва дунё майдонида муносиб рақобат қила олишини яққол намоён этди.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА