Тадбиркор – иқтисодиёт ва жамият тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи

166

Муносабат

Мамлакатимизда 20 август – Тадбиркорлар куни сифатида кенг нишонланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу касб байрамини ташкил этиш ташаббусини 2021 йил 20 августда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда илгари сурган эди. Ҳар йили айнан шу куни Президентнинг бизнес ва ишбилармон доиралар вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилиши анъанага айланган. Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлар кунини белгилаш тўғрисида»ги қонуни 2021 йил 23 декабрда қабул қилинган. Сўнгги йилларда анъанага айланган ушбу мулоқот соҳадаги тизимли муаммоларни ҳал этиши, таклифлар муҳокама қилиниши ва янги қулайликлар яратилиши билан тадбиркорлар кутадиган тадбирга айланди.

Анъанавий бундай учрашувларда тадбиркорларни қизиқтираётган масалалар муҳокама қилиниб, улар билан маслаҳатлашиб қарорлар қабул қилинаётгани Президентимизнинг тадбиркорлик соҳасига қаратаётган алоҳида эътиборининг ёрқин ифодасидир. Очиқ мулоқот аввалида давлатимиз раҳбари юртимиз ишбилармонларини ушбу қутлуғ сана билан табриклаб, уларнинг фаолиятига муваффақиятлар тилади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимиз иқтисодиётида бугунги кунда тадбиркорларнинг ўрни юқори эканини таъкидлади. Мамлакатимизда иқтисодиётимизнинг чинакам драйверига айланган тадбиркорларнинг янги авлоди шаклланди.

Ҳар бир тадбиркор ўз ортидан  ўнлаб одамни эргаштиради, ишли, даромадли қилад, жамият ҳаётига янгилик олиб келади. Сизлар бугун Янги Ўзбекистоннинг тадбиркорлик бизнес мактабини яратияпсиз –  деди Прездиентимиз.

Маълумки давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг  18 августдаги  фармонига мувофиқ, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда салмоқли натижаларга эришаётган, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорларнинг бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари  фахрий унвон,  орден ва медальлар  билан тақдирланган эди.

Бугун фахр билан шуни айта оламизки бугунги тадбир шунчаки тадбир эмас, давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган жонли ва самимий мулоқот майдони экани таъкидланди.

Очиқ мулоқотда Президентимиз ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ тадбиркорлар билан ҳамфикр бўлиб, иқтисоди қудратли, саноати рақобатбардош, молиявий тизими барқарор, барча соҳалари инвесторлар учун жозибадор бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилганини қайд этди. Ҳақиқатдан ҳам кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар айниқса барча соҳалар сингари хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ўзининг натижасини кўрсатмоқда. Ўтган саккиз йилда иқтисодиётимизнинг кўплаб тармоқлари янгидан ташкил этилди. Бунга биргина ўтган даврда иқтисодиётга жалб қилинган 230 миллиард долларлик инвестиция яққол мисолдир. 120 миллиарддан ортиғи хорижий инвестицияларнинг жалб қилиниши халқаро ишончнинг ошганини кўрсатади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 600 дан зиёд стартаплар фаолият юритмоқда. Саккиз йил илгари уларнинг сони бармоқ билан санарли эди. Мулоқотда келажагимиз бўлган ёшларнинг мингта стартап ғояси тижоратлаштирилишиш ва шундан 200 таси халқаро бозорга олиб чиқилиши қайд этилди. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб, “Ёш тадбиркорлар” чемпионати ўтказилади. Энг яхши 100 та ғоя танлаб олиниб, ҳар бир стартап учун 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади. Бу ҳам ёш тадбиркорларимизнинг янада фаолиятини ривожлантиришда уларга  куч-ғайрат ва мотивация беради. Мухтасар қилиб айтганда давлатимиз етакчисининг бизнес вакиллари билан 5-марта ўтказилган очиқ мулоқоти тадбиркор ва фермерларимизнинг молиявий имкониятини кенгайтиришга, экспорт салоҳиятини янада оширишга ва қўшимча янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Гулжан Халмуратова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

O’zLiDeP фракцияси аъзоси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги