UNЕSCO ва Ўзбекистон ҳамкорлиги доирасида сунъий интеллект этикаси бўйича тадбирлар бошланди

133

Ҳозирги глобал рақамли тараққиёт жараёнида сунъий интеллект технологиялари ҳаётнинг турли жабҳаларига шиддат билан кириб келмоқда. Бу эса нафақат инновацион имкониятларни, балки ахлоқий меъёрларга амал қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизликни таъминлаш каби муҳим масалаларни ҳам кун тартибига чиқармоқда.

Шу боис, халқаро ташкилотлар, жумладан UNЕSCO томонидан сунъий интеллектни масъулиятли ва шаффоф жорий этиш бўйича қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этмоқда.

Тошкент шаҳрида UNЕSCO ташаббуси билан “Ўзбекистонда сунъий интеллектга тайёрликни баҳолаш методологияси” тадқиқотини очиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос иштирок этди ва ўз нутқида лойиҳанинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мазкур тадқиқот мамлакатимизда сунъий интеллектни масъулиятли ва шаффоф тарзда жорий этиш, ахлоқий мезонларни таъминлаш ҳамда глобал меъёрий қоидаларга мослашишда муҳим аҳамият касб этади.

Қайд этилишича, жорий йил 30 октябрдан 13 ноябргача Самарқанд шаҳрида UNЕSСOнинг бош конференцияси бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Нигора Раҳмонова, ЎзА