Ўзбекистонда эгизак чақалоқлар туғилиши ҳудудлар кесимида

142

Эгизаклар туғилиши камдам-кам учрайдиган биологик жараён ҳисобланади. Бундай ҳомиладорлик давомида она организмида бир вақтнинг ўзида 2, 3 ёки ундан ортиқ ҳомила ривожланади. Эгизаклар туғилишида ирсий омилларнинг ҳам ўрни жуда катта. Мамлакатимизда эгизаклар туғилиши кўрсаткичи анча юқори. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон бўйича жами 9 минг 738 нафар эгизак чақалоқ дунёга келган.

Эгизак чақалоқлар туғилиши демографик статистика ўзгаришларининг ноёб кўрсаткичларидан бири бўлиб, у тиббий ёрдам сифатининг ривожланиши, она ва бола соғлиғининг яхшиланиши билан ҳам боғлиқ. Эгизак чақалоқларнинг туғилиши ҳудудлар кесимида сезиларли фарқларга эга. Бу фарқларни, ўз навбатида, ҳудудлардаги тиббиёт хизматлари сифати, аҳолининг яшаш шароитлари, ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва бошқа кўплаб омиллар билан изоҳлаш мумкин.

Эгизаклар туғилиш кўрсаткичини ҳудудлар кесимида тақсимлайдиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикаси – 451 та, Андижон вилояти – 883 та, Бухоро вилояти – 486 та, Жиззах вилояти – 410 та, Қашқадарё вилояти – 1 054 та, Навоий вилояти – 233 та, Наманган вилояти – 778 та, Самарқанд вилояти – 1 197 та, Сурхондарё вилояти – 856 та, Сирдарё вилояти – 258 та, Тошкент вилояти – 686 та, Фарғона вилояти – 1 172 та, Хоразм – 544 та, Тошкент шаҳри – 730 тадан тўғри келади.

Юқоридаги маълумотларга кўра, энг кўп эгизак чақалоқ Самарқанд ва Фарғона вилоятида туғилган. Бу ҳудудларда аҳоли зичлиги ва бошқа ижтимоий омиллар эгизаклар туғилиши кўрсаткичининг юқорилигига асос бўлади. Қашқадарё вилояти ҳам ушбу рўйхатда юқори кўрсаткичларга эга бўлиб, 1 054 нафар эгизак чақалоқ туғилган. Энг кам эгизак чақалоқ туғилган ҳудудлар сифатида Навоий ва Сирдарё вилоятлари кўрсатилган. Бу ҳудудларда аҳолининг камлиги ёки бошқа демографик омиллар бунга сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида эгизак чақалоқлар сонининг бундай фарқланиши, демографик жараёнларни чуқурроқ ўрганиш ва янада такомиллаштириш учун муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, она ва бола соғлиғини яхшилаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар янада самарали бўлиши учун ҳудудлар кесимида алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА