Имкониятлардан самарали фойдаланаётган тадбиркор

Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бу имкониятлардан самарали фойдаланаётган фаоллардан бири — Элликқалъа тумани Саxтиён шаҳарчасида истиқомат қилувчи О.Мадримов ҳисобланади.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлимининг маълумотига кўра, у 2021 йилда ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, қурилиш учун зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Фаолиятни бошлашида ҳоким ёрдамчисининг кўмаги орқали 75 миллион сўм маблағ олиб, ушбу ресурсни самарали йўналтирди. Бу маблағ унинг бизнесини йўлга қўйишда муҳим пойдевор бўлди.
Ҳозирда тадбиркор томонидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхонаси орқали 12 нафар ёш доимий иш билан таъминланган. У ўз меҳнати ва ташаббускорлиги орқали нафақат иш ўринлари яратмоқда, балки маҳаллий аҳоли фаровонлигига ҳам ҳисса қўшмоқда.

Мамлакатимиздаги тадбиркорликни рағбатлантириш сиёсати юксак самаралар бераётгани, янги имконият ва истиқболларга йўл очаётгани мазкур мисол орқали яна бир бор ўз исботини топмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги