Ўмон – Ўзбекистон ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Ўмон Султонлигининг “Omandaily”, “Shuoon” каби қатор етакчи нашрлари Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегациянинг ушбу мамлакатга ташрифини кенг ёритмоқда.
Вакилларимиз сафар доирасида Масқат шаҳрида юқори мартабали давлат ва ишбилармон доира вакиллари – савдо, саноат ва инвестицияни рағбатлантириш вазири Қайс Ал Юсуф, Инвестиция агентлиги раҳбари Абдуссалом Ал-Муршидий, Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва сув ресурслари вазири ўринбосари Али Ал-Абрий, шунингдек “Suhail Bahwan Group”, “Sohar International Bank”, “Oman Cables”, “Asyad Group”, “MB Holding” каби етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон томони нефть-газ кимёси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тоғ-кон, машинасозлик, озиқ-овқат саноати, логистика ва туризм соҳаларида тайёр лойиҳавий ташаббуслар тақдим этди.

Мамлакатимиз сармоявий муҳитига оид амалий жиҳатлар – инвесторларни ҳимоя қилиш кафолати, солиқ ва божхона имтиёзи, саноат зоналаридаги преференциялар ҳамда стратегик лойиҳалар учун махсус тартибот батафсил тушунтирилди.

Музокаралар якунида устувор тармоқларда янги қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Томонлар узоқ муддатли алоқа ўрнатишга тайёрлигини билдирдилар. Бу жараёнда асосий эътибор қўшма инвестиция, инфратузилмани ривожлантириш ва савдони диверсификация қилишга қаратилади.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Ўмонга сармоя киритиш имконияти, Султонлик томонидан инвесторларга тақдим этиладиган имтиёзлар акс этган кўргазмали тақдимот ўтказилди. Лавҳада инвестицияни рағбатлантириш, сармоядорлар резидентлиги дастури, махсус иқтисодий ва эркин зоналарда яратилган қулайликлар ҳақида сўз юритилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА