Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: Янги геостратегик платформа шаклланмоқда

152

Тошкентда “Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик” мавзусида юқори даражали учрашув давом этяпти.

ЎзА мухбири конференцияда иштирок этаётган Латвия ва Сербия Республикалари собиқ етакчилари фикрларини ёзиб олди.

Валдис Затлерс, Латвия Республикасининг собиқ (2007-2011 йиллар) Президенти:

Экс-президент Латвии и ликвидатор аварии в Чернобыле Валдис ...

– Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган, аҳоли зич жойлашган мамлакат сифатида Марказий Осиё тараққиётида ҳар томонлама етакчи ўрин эгаллашга қодир. Айни жараёнда минтақавий ҳамкорлик улкан муваффақиятлар калити, иқтисодий юксалиш, аҳоли фаровонлигига эришиш гаровига айланиши мумкин. Айниқса, фуқароларнинг кундалик турмушида ҳақиқий ижобий ўзгаришларни ҳис қилиш муҳим. Ўзбекистонга ҳар ўн йилда келиб тураман ва ҳар сафар ижобий ўзгаришларни кўряпман. Бу мени яна ва яна мамлакатингизга сафар қилишга ундайди.

Мазкур конференциядан кўзланган мақсад – бир-биримиз билан юзма-юз гаплашиш. Европа Иттифоқи, Кавказ мамлакатлари ва албатта маҳаллий экспертлар ҳамжамияти вакиллари тинчлик, барқарорлик ва ишончга асосланган минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш усулларини муҳокама қиляпмиз. Глобал ноаниқлик шароитида зиддият эмас, балки бирга ишлаш фаровонликка етаклаши аниқ.

Ўзбекистон таъсири Марказий Осиёнинг барча давлатларида сезилади. Тарихий нуқтаи назардан бу замин тарбиялаган буюк шахслар жаҳон цивилизациясига муҳим ҳисса қўшган. Биз маданий мерос марказлари – Самарқанд, Бухоро, Хивани тараққиёт асоси сифатида қадрлаймиз.

Яна бир гап: ҳар қандай ўлкага узоқни кўра оладиган етакчи керак. Шундай йўлбошчиси бўлган мамлакат жадал ривожланиш имконига эга бўлади. Раҳбар учун эса ислоҳот ва минтақавий ҳамкорлик юртга айнан нима беришини жамиятга тушунтириш, ўзгаришларни ҳис қилиб бориш, ғояларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида муайян жасоратга эга бўлиш жуда муҳим.

Шу нуқтаи назардан эътироф этиш жоиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва либераллаштириш йўлини танлаб, дунё бўйлаб турли мураккабликлар ва беқарорлик кучайиб бораётганига қарамай, барқарор юқори ўсиш суръатини таъминлаб келмоқда.

Тошкент ва бошқа шаҳарлар кўчаларида сайр қилар экансиз, одамларнинг хуш кайфияти, тараққиётга нисбатан ишончини туясиз. Ҳақиқат чиройли сўзда эмас, балки оддий одамлар онгида шаклланади. Ўзбек халқи, кўриб турганингиздек, олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун.

Марказий Осиё, айниқса, аҳоли сони бўйича минтақадаги энг йирик давлат ҳисобланган Ўзбекистон учун бу муҳим аҳамиятга эга. Қатъий ишонч, амалий лойиҳалар ва узоқ муддатли кун тартиби умумий муваффақият учун асос бўла олади.

Борис Тадич, Сербия Республикасининг собиқ (2004-2012 йиллар) Президенти:

– Ўзбекистоннинг тарихи буюк ва ҳозир ҳам бу ўлка нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё учун беқиёс аҳамиятга эга. Зеро, минтақа бугунги кунда дунёда геостратегияси учун энг нозик ҳудудлардан бири. Бинобарин, Ўзбекистон таъсирисиз Марказий Осиё барқарорлиги, тараққиётини тасаввур қилиб бўлмайди. Мен нафақат сиёсат, балки рақамлаштириш, иқтисодий ривожланиш, технология тараққиёти, таълим каби муҳим соҳаларни ҳам назарда тутяпман.

Биринчидан, жуда муҳим демографияга эга республикада туғилиш даражаси юқори, аҳоли ёш ва глобал тараққиёт жараёнида бевосита иштирок этишни хоҳлайдиган юксак мақсадли кишилар бисёр.

Инсоният тарихидаги энг муҳим даврларда Ўзбекистон халқи муҳим ўрин эгаллаган. Ва ҳозирги кунда Президент Шавкат Мирзиёев янада улкан замонавий ислоҳотлар бошида турибди. Биз буни жуда қадрлаймиз.

Айтиш ўринлики, Каспий денгизининг икки томонида сиёсат, энергетика, технология, глобал тинчлик нуқтаи назаридан бизга жуда яқин дўст бўла оладиган икки давлат бор.

Тошкентдаги йиғинда турли мамлакатлардан келган делегатлар қатнашяпти. Биз учун Ўзбекистон ва Озарбайжон, қолаверса бошқа давлатлар ва кўп томонлама институтлар билан мулоқот олиб боришни хоҳлаймиз.

Ушбу форум ҳар томонлама самарали бўлиши учун бор имкониятдан фойдаланамиз. Гўзал мамлакатларимиз порлоқ келажагини таъминлашга ўз фикримиз, қарашларимиз билан ҳисса қўшмоқчимиз.

ЎзА мухбири Ўткир Алимов тайёрлади.