Божхона режими имкониятларидан фойдаланиш афзалликлари тушунтирилди

230

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси масъуллари тадбиркорлик субъектларида бўлиб, божхона қонунчилигидаги янгилик ва ўзгаришларни уларнинг фаолиятида қўллаш орқали ижобий натижалар кўрсатиши бўйича тарғибот ишларини олиб бормоқда.

Элликқалъа тумани тўқимачилик саноатида кластер шаклида фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. Ип-калавадан мато ишлаб чиқариш, уни бўяш, қайта ишлаш ва тикиш натижасида олинадиган тайёр маҳсулотларнинг Туркия, Украина, Хитой, Россия давлатларига экспорти ҳам йўлга қўйилган.

Кейинги 3 йил давомида корхона 4,5 млн. АҚШ доллари қийматидаги 1587 тонна тайёр тўқимачилик товарларини экспорт қилган.

Учрашувда мутасаддилар томонидан экспорт географиясини ошириш мақсадида корхона фаолиятида «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими имкониятларидан фойдаланиш афзалликлари батафсил тушунтирилди. Унда олиб кирилган бўёқ ва шунга ўхшаш хомашёларни қайта ишлаш натижасида олинган товарлар экспорти амалга оширилганда, олиб кирилган товарлар божхона тўловларидан озод қилиниши мисоллар билан кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги