Қурилиш ишлари амалга оширилмоқда

212

Қишлоқ ҳудудларини ижтимоий ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар мамлакатимизда изчил давом этмоқда. Соҳага қаратилаётган эътибор, айниқса, таълим тармоғи инфратузилмасини яхшилаш орқали яққол намоён бўлмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасида ҳудудларда янги мактаб, боғча, поликлиника каби муҳим ижтимоий объектлар барпо этилмоқда.

Шу мақсадда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги ПҚ–5246-сон қарори асосида “Қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида турли ҳудудларда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Беруний тумани Абай овул фуқаролар йиғини ҳудудида 90 ўринга мўлжалланган янги мактабгача таълим ташкилоти қурилаётгани мазкур саъй-ҳаракатларнинг навбатдаги амалий ифодасидир. Лойиҳа учун 4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ҳозирги пайтда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Янги боғчанинг барпо этилиши натижасида ушбу ҳудудда яшаётган оилалар учун фарзандларини боғчага жойлаштиришда қулайликлар яратилади.

Ҳудудлардаги ижтимоий инфратузилмани мустаҳкамлаш йўлидаги бундай ташаббуслар аҳолининг ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатиб, қишлоқ жойларда ҳам қулай ва замонавий шароитларни яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги