Мўйноқ туманида ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда

132

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 апрелдаги ПҚ-4271-сонли қарорига асосан, Осиё тараққиёт банки иштирокида «Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш» лойиҳасининг амалга оширилиши белгиланган.

Бунинг учун 8,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилган бўлиб, бугунги кунда «Archico» МЧЖ (Озарбайжон) компанияси томонидан Мўйноқ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа доирасида 5 та сув тақсимлаш иншооти, 128,1 километрлик сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 4647 та хонадонга электрон сув ҳисоблагич ўрнатиш кўзда тутилган. Ҳозирда 76,2 километр сув тармоқлари тортилиб, қурилиш ишлари давом этмоқда. Режа тўлиқ бажарилиши натижасида туманнинг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси ортади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги