Бир гуруҳ фаол тадбиркорга мукофотлар топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Тадбиркорлар куни муносабати билан бир гуруҳ фаол тадбиркорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан бугунги кунда ўта муҳим бўлган тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслар, қабул қилинаётган фармон ва қарорларга кенг тўхталиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор ва фармонлар минтақада тадбиркорликни ривожлантириш, инвеститсиявий жозибадорликни ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Қисқа вақт ичида янги-янги объектлар ишга туширилиб, йирик ҳажмдаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Байрам тадбирида Президентимизнинг махсус фармонлари асосида мукофотланган Кегейли туманидаги «Орзу» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Палзада Салиевага «Дўстлик» ордени, Тўрткўл туманидаги «115-Тўрткўл автокорхонаси» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ғайратдин Керимбаев ва Нукус шаҳридаги «Good Cafe» оилавий корхонаси раҳбари Махира Мамутовага «Шуҳрат» медали, шунингдек, 6 нафар фаол тадбиркорга «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.




Бундан ташқари, Жўқорғи Кенгес Президиуми қарори билан қатор тадбиркорлар Жўқорғи Кенгеснинг кўкрак нишонлари, Фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги