«Cake Boomer»: Тадбиркор аёлнинг меҳнат, ирода ва муҳаббат билан яратган ҳаётий афсонаси

280

20 август – Тадбиркорлар куни

Бугун бозор иқтисодиётида рақобат кучли бўлиб турган бир пайтда аҳоли кўнглидан чиқадиган маҳсулотларингиз билангина бизнесда ўз ўрнингизга эга бўлишингиз мумкин. Ўз брендига эга йирик компаниялар билан бирга бир нечта ишлаб чиқариш корхоналари рақобатга тўла майдонда нозик дидли харидорлар учун ўзининг сифатли маҳсулотлари билан жой эгаллаб, ном чиқариб келмоқда. Қорақалпоғистоннинг машҳур кондитер бренди – «Cake Boumer» ҳам шундай корхоналардан бири.

Ҳар қандай йирик бренд ортида инсоннинг иродаси, матонати ва меҳнати туради. Унинг асосчиси, таниқли тадбиркор Моҳира Мамутова нафақат ширинликлар орқали минглаб инсонларнинг кундалик ҳаётига қувонч олиб кирмоқда, балки юзлаб хотин-қизлар ва ёшлар учун доимий иш ўринлари яратиб келмоқда.

Тўрткўл туманида туғилиб ўсган Моҳира Мамутова тоза меҳнат муҳитида, миллий қадриятларга асосланган аҳил оилада вояга етди. Янги ҳаётга қадам қўйган қиз Қорақалпоқ давлат университетида ўқиб, филология йўналиши бўйича олий маълумотли мутахассис бўлди.

Филолог бўлса-да, унинг ҳаёт йўли таълимдан ташқари тадбиркорлик ва жамоатчилик фаолияти билан ҳам узвий боғлиқ бўлди. Бир неча йил мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган Моҳира тез орада ўзини бизнес соҳасида синаб кўришга қарор қилди.

«Cake Boomer»нинг дастлабки қадамлари қандай бошланган?

2007 йил… Хўжайли туманидаги ўз уйи. Стол устида қандолат маҳсулотлари, ёнида бир ишчи ва катта орзулар. Мана шу шароитда «Cake Boomer»нинг дастлабки қадамлари бошланди. Дастлабки маҳсулотлар – тортлар, чизкейк ва печеньелар… Улар ўзининг оригинал рецептураси ва чиройли кўриниши билан маҳаллий бозорда тез танила бошлайди.

Ривожланиш ва кенгайиш

«Cake Boomer»нинг оёққа туриш йўли осон бўлмади. Молиявий қийинчиликлар, бозордаги рақобат, сифат талаблари – буларнинг барчаси катта сабр ва матонат талаб қилди. Аммо Моҳира қийинчиликлардан чўчимади, аксинча, уларни янги имкониятга айлантира олди.

2018 йилдан бошлаб «Cake Boomer» замонавий ишлаб чиқариш цехларига эга бўлди. Кейинчалик Нукус, Хўжайли ва Қўнғиротда жами 5 та савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари фаолият юритди.

Ҳозиргача компания 100 дан ортиқ расмий иш ўринларини яратди, 30 дан ортиқ меҳнат мигрантини хориждан қайтариб, доимий иш билан таъминлашга эришди.

Илҳом ва таянч манбаи

Ҳар қандай тадбиркорлик йўлида муваффақиятга эришиш учун нафақат билим ва меҳнат, балки катта маънавий таянч ҳам зарур. Моҳиранинг ҳаёт йўли ҳам бунга яққол мисол.

Унинг айтишича, аввало барча ризқ-насиба ва даромад – Аллоҳдан. Шу билан бирга, унинг тинимсиз ҳаракатлари, сабри ва меҳнати  бу йўлда ҳал қилувчи омил бўлди. У ўзини тадбиркорликда дадил қадам билан юришга ундаган асосий кучни ота-онасининг дуоси ва турмуш ўртоғининг ишончидан топган. Ота-онаси унга меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва сабр-тоқатни ўргатган бўлса, умр йўлдоши эса барча қийинчилик, қўрқув ва таваккалчилик билан бошлаган ишларида чинакам елкадош ва суянч бўлиб келди.

Ижтимоий масъулият; Хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш

«Cake Boomer» нафақат бизнес, балки улкан ижтимоий мактаб ҳамдир. Ходимларнинг 80 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Моҳира улар учун махсус иш ўргатиш ва малака ошириш дастурини йўлга қўйган.

Ёшлар ҳам бу ерда ўз йўлини топяпти. Мавсумий иш ўринлари орқали талабалар ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ўқишдан ташқари вақтларда ва ёзги таътил кунларида вақтинча ишлаб тажриба орттириш имкониятига эга бўлмоқда.

Ҳар йили «Cake Boomer» ташаббуси билан ходимларга ва уларнинг фарзандларига мактаб анжомлари, кийим-кечаклар совға қилинади. Бу – компаниянинг юксак ижтимоий масъулиятга эга эканидан далолат.

2024 йилдан бошлаб у 25-сонли «Байтерек» сайлов округидан Халқ депутатлари Нукус шаҳар кенгашига депутатликка сайланди. Депутат сифатида у кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган оилаларга ёрдам кўрсатиш, йўлларни ободонлаштириш, пиёдалар йўлакларини қуриш ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш борасида фаол иш олиб бормоқда.

 Ҳар қандай меҳнат эътибордан четда қолмайди

Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини кенг ёйиш билан бирга, оилавий қадриятларни уйғун ривожлантиришда алоҳида меҳнати ва ташаббуслари билан кўзга ташланиб келаётган Моҳира Мамутованинг меҳнатлари Ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланиб, жорий йил 15 май куни – «Халқаро оила куни» муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказилган тантанали тадбирда «Ибратли оила» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, 8 март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев томонидан унга «Ватан фидойиси» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Яқинда Президентимизнинг 20 август «Тадбиркорлар куни» муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармони асосида Хўжайли туманидаги «Cake bumer» жамияти раҳбари, бир вақтнинг ўзида Нукус шаҳридаги «Good Cafe» оилавий корхонаси раҳбари бўлиб фаолият юритаётган у «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Бу мукофотлар замонавий тадбиркор аёл нафақат тадбиркорликда, балки оила, маънавият ва жамият тараққиётида ҳам намуна сифатида эътироф этилганини кўрсатади.

 Хулоса

Бугун «Cake Boumer» – Қорақалпоғистондаги энг йирик қандолат брендларидан бири. Унинг ортидаги тадбиркор аёл Моҳира тадбиркор сифатида юзлаб иш ўринлари яратди, депутат сифатида юзлаб оилаларга ёрдам берди, она сифатида эса тўрт фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда. Президентимиз томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирланган Моҳира янги ташаббуслар билан янада руҳланиб, бизнесини янада ривожлантириш йўлида қадам ташламоқда.







-Таваккалчиликдан қўрқмаслик керак. Таваккал билан бошланган бизнес йўли халқ билан яқин бўлишга, янги имкониятларга етказди. Шунинг учун ҳар бир аёл-қизга айтарим, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлардан  ўринли фойдаланишни ва қўрқмасдан ўз бизнесини бошлашига маслаҳат берардим, – дейди у.

«Cake Boomer» – бу ширинликлар бренди эмас, балки бир аёлнинг меҳнат, ирода ва муҳаббат билан яратган ҳаётий афсонасидир. Бу йўлда унинг ёнида кучли жамоа жамланган. Уларнинг олдида битта-ю битта мақсад бор, у ҳам бўлса, аҳолига сифатли маҳсулот етказиб бериш ва яхши кунларига қувонч бағишлаш.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги