Кадастр: Бир марталик тўловнинг кечиктирилиши эгалик ҳуқуқини олиш муддатини узайтирмоқда

192

Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилиб, журналистлар Нукус шаҳридаги Гоне қала МФЙда соҳа мутахассислари томонидан амалга оширилаётган хатлов ишларининг бориши билан танишди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ва уларда қурилган иморатларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги қонуни ижроси юзасидан Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг туман, шаҳар филиаллари томонидан кенг кўламли хатлов ишлари олиб борилмоқда. Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида соҳа мутахассислари уйма-уй юриб фуқаролар ўртасида кадастр соҳасидаги янгиликлар, турар жойларида ўзгаришлар ёки қўшимча қурилмалар қурилса уни ҳужжатлаштиришнинг тартиб-қоидалари ҳақида тушунтириш ишларини олиб борди. Журналистлар иш жараёнида кадастр мутахассисларининг уй-жойни ўлчаш, ҳужжатлаштириш жараёнлари билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Таъкидлаш жоизки, 2025 йилда 166 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилиши белгиланган. Ушбу қонун ижросига ҳудудларда жами 175 нафар ходим жалб этилган. Бундан ташқари, Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ишчи гуруҳ тузилган. Бугунги кунга қадар 48498 та кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди. 34277 та объект ҳақидаги маълумотлар UZKAD ахборот тизимига юкланган ва 18640 та объект “E’tirof” автоматлаштирилган тизимига ўтказилган, 14992 та объект ҳозирда муҳокама жараёнида, 2401 та объект ҳақидаги маълумотлар Кадастр агентлигининг расмий kadastr.uz сайтида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида эълон қилинди. 561 та объект Адлия органлари томонидан ўрганилмоқда, 23 та объект бўйича комиссия томонидан мулк ҳуқуқини тан олиш рад этилган, 142 та кўчмас мулк таҳрирлаш жараёнида, 176 та объект эгаларининг қонунда кўрсатилган бир марталик тўловларини тўлаши кутилмоқда, 54 та кўчмас мулк бўйича ҳуқуқларини тан олиш учун депутатлар кенгаши қарорларига киритилган.

– Қонунга кўра, ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан бир марталик тўловни амалга ошириш бўйича смс-хабарнома юборилади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Урунбаев.

Хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда халқ депутатлари Кенгашининг қарори билан ҳуқуқлар тан олинади. Бугунги кунда ижобий хулосалар олган 176 фуқарога тўлов бўйича смс-хабарнома юборилган бўлиб, бугунги кунда мулк эгалари томонидан тўловларни амалга ошириш жараёнида турибди. Фуқаролар томонидан бир марталик тўловлар амалга оширилгандан сўнг кўчмас мулк объектларига мулк ҳуқуқларини тан олишга эришиш мумкин бўлади.

Фуқароларимиз томонидан бир марталик тўловларни тўлашни кечиктиришлари мулк ҳуқуқини олиш муддатини узайтирмоқда ва бу ўз-ўзидан қонун ижросини таъминлашдаги муддатларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда фуқароларимиздан ушбу қонун билан давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган қулайлик ва имкониятлардан унумли фойдаланиб қолишларини, мол-мулкларига тан олинган ҳуқуқларни расмийлаштириб олишлари учун бир марталик тўловларини ўз вақтида тўлаб беришларини сўраб қоламиз.

Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида матбуот анжумани ўтказилиб, иштирокчиларга соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, Кадастр агентлиги, Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари мутахассислари томонидан 2025 йил давомида Нукус шаҳрининг 28 та маҳалласида хатлов ишлари амалга оширилиши белгиланган. Жорий йилнинг 18 август кунги ҳолатига кўра 6105 та кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилиб, 1584 та объект “E’tirof” ахборот тизимига киритилди. 3786 та объект ҳақидаги маълумотлар UZKAD ахборот тизимига юкланган ва 1584 та объект “E’tirof” автоматлаштирилган тизимига ўтказилган, 1417 та объект ҳозирда муҳокама жараёнида, 165 та объект ҳақидаги маълумотлар Кадастр агентлигининг расмий kadastr.uz веб-сайтида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида эълон қилинди. 2 та объект Адлия органлари томонидан ўрганилмоқда.

Матбуот анжуманида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги